Обод маҳалла дастури ва жамиятдаги боқимандалик муаммоси

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

​​Япониялик ва сенегаллик мухлислар ўйиндан кейин трибунани тозалашгани ҳақидаги хабарлар жуда шов-шув бўлди. Кўпчиликда шу икки миллатга нисбатан ҳурмат уйғонди, илиқ қарши олди. Қаранг, мухлислар бу стадионга бошқа ҳеч қачон қайтиб келмаслиги мумкин, атиги 2 соат ўша ерда бўлди холос. Бундан ташқари дунёнинг исталган чеккасидаги стадионлар ҳар доим чиқиндига тўла бўлади ўзи, бу табиий ҳол. Ва асосийси стадионни тозалайдиган жуда катта ишчилар гуруҳи бор шундоқ ҳам. Лекин улар тозалашди! Бундан уялишмади. Виждони ёниқ экан.

Шу воқеа атрофида ўзимиздаги "Обод маҳалла" ва "Обод қишлоқ" дастурларига халқимизнинг айрим вакиллари қилаётган муносабат ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман.

«Обод маҳалла» дастури бу - бир қатор ташкилот ва корхоналарнинг ходимлари маҳаллаларда ҳашар ташкил этишади, ўша маҳалла аҳолиси эса уйларининг деразасидан томоша қилиб туради, дегани экан.

Бутун халқни айбллашдан йироқман, аммо жамиятимизнинг аксарият қисми қачон бу даражада дангаса ва танбал бўлиб қолди, ҳайронман. Фақат дангаса бўлса ҳам майли эди, айримлари ўта даражада виждонсиз ҳам. Берсанг ейман, урсанг ўламан, тамом.

Баъзи маҳаллалар шу даражада ифлос ва ахлатга тўлганки, бу ерда одам яшайдими ўзи, деб ўйлайсиз. Шу ерда яшовчилар албатта бировлар келиб тозалаб беришини кутиб ўтиришади. Тағин ҳашарчиларга юқори қаватлардаги уйидан бошини чиқариб, ақл ҳам ўргатишади: «фалон жой қолиб кетяптику, ҳой, чапроқ, яна чапроқ, ҳа, ўша ер. Яхшилаб тозалангларда ахир».

Яна бир оддий мисол: ариқларда бир неча ойдан буён сув тўпланиб, балчиқ ҳиди сасиб кетган, шу ариқни олдидаги уйда 48 та хонадон туради, бирортаси ариқни тозалашни хаёлига ҳам келтирмаган. Ҳали бу Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда бўлаётган воқеалар. Чекка қишлоқларда аҳвол қанақа экан? Ёки марказдан узоқлашган сари самимият кўпайганлиги сабабли, аҳвол яхшироқмикин? Ҳеч билмадимда...

Ҳеч кимда йўқ миллий маънавиятимиз, бирорта миллатда йўқ миллий менталитетимиз, деб бонг урадиганларни кўрсам, ўша балчиққа ботган ариқларни шуларга тозалаттиргим келади.

Хуллас, минг афсуски халқнинг бундай боқибеғам қисми анчагинани ташкил қилади ва улар билан жамият гуллаб-яшнаб кетиши қийин. Президентимиз жуда кўп бор халққа қарата «уйғонинглар, уйғонинглар» дейиши ҳам бежизга эмас. Қизиқ, ғафлат уйқусидан қачон уйғонаркин бу жамият?

Аҳвол шу даражадаки, қилинаётган айрим ислоҳотларни кўриб тепса-тебранмас инсонлардаги боқимандалик характери бадтар кучайиб бораётгандек, хаёлимда.

Ҳозирча япон ва сенегалликларга қарсак чалиб тураверайликчи, қолгани бир гап бўлар...

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

  • 👍 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek