Xushnudbek Xudoyberdiyev onasini 55 yosh bilan tabrikladi
Бугун мен учун жуда қувончли кун. Нафақат мен учун, балки бутун оиламиз учун.
Бугун аяжоним 55 ёшга тўлдилар. Она ҳақида гапириш доим қийин бўлган. Сабаби ҳар қанча мақтасангиз ҳам, уларнинг меҳнатини тўлиқ баҳолай олмаётгандек туюлаверади.
Аслида ҳам шунақа-да. Масалан, ҳозир Сизга аяжонимнинг ҳаётимда тутган ўринлари ҳақида, ҳар бир ютуғимдаги аяжонимнинг ҳиссалари ҳақида гапиришим шартми? Йўқ, буни таъкидлашимнинг ўзи уларнинг ҳиссасини камайтириш бўлади-ку.
Хуллас, мен улар ҳақида фақат бир нарсани айтишим мумкин: менинг тенги йўқ АЯЖОНИМ!
Шундай ота-онанинг фарзанди қилиб дунёга келтиргани учун Яратганга беҳисоб шукр.
Илоҳим, бахтимизга умрлари узоқ бўлсин. Бахт-у саодатда яшасинлар, неваралари, эварали, чеварали қуршовида ҳожи она бўлиб, дадажоним билан умргузаронлик қилишларини насиб айласин.
Аяжонимнинг доим айтадиган асосий ўгитлари бор: «Ўғлим, асосийси бировни ҳаққига ҳиёнат қилма, ҳалол яша, доим яхшилик қилишга ҳаракат қил, оёғинг ердан узилиб кетмасин. Сен ёлғиз фарзандимизсан, келажакдаги бор умидимиз, бор ишончимиз сенсан, шунинг учун ҳеч қачон юзимизни ерга қаратадиган иш қилмагин».
Менга берган тарбиянгиз учун катта раҳмат, аяжон!
Негадир шу ерга келганда, кўзим...
Бўлди, бошқа ёза олмайман, узр...

