Ўзбекистондаги тест синовлари якунларига шахсий баҳо

Matn20-avgust, 2018, 16:202 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Бугун сиртқи таълим учун сўнгги тест куни. Бироздан сўнг 2-смена тест синовларини якунлагач, 1 августдан буён бўлаётган тест синовлари ўз якунига етади. Агар иккинчи мутахассислик учун ҳам тестлар ўтказилса, унда яна давом этиши мумкин.

Умуман олганда Ўзбекистон тарихида илк бора ўтказилган бундай катта тест жараёнларига 5 баллик тизимда 4+ баҳо қўйиш мумкин. Ҳа, камчиликлар ҳам бўлди. Кўрдик, эшитдик, гапирдик, ёздик. Бу йил ҳам қинғирликларга уринганлар бўлди, эплаганлар ҳам бўлганига ишончим комил. Айрим ҳолатларда видеолар ишламай қолди, айрим ҳолатларда бошқа техник носозликлар кузатилди. Айрим ҳолатларда кириш эшигидаги назоратчилардан нолишди, баъзан ичкаридаги кузатувчилар танқидларга сабаб бўлди.

Лекин буларнинг барчаси умумий тест жараёнларини издан чиқарувчи хато ва камчиликлар эмасди. Кичик маиший, иш жараёнида бўлиши мумкин хатолар десак янглишмаган бўламиз. Масалан, 10 йил шу тизимни қаттиқ ушлаб туришса, 11 йили ҳам худди шу камчиликлар кузатилиши мумкин.

Асосийси ҳақиқий тизим яратилганига гувоҳ бўлдик. Кўчадаги олғирлар айнан мана шу тизимни издан чиқара олишмади. Ҳар куни жавоблар 1 кунда чиқиб турди. 1-кундаги техник хато 1 соатдаёқ тўғриланди. Тест саволлари аввалги йиллардагидан анча "одамбашара" бўлди. Х-вариантлар ҳақидаги миш-мишлар ўз исботини топмади. Ўта шубҳали бункерлар, паравозлар, катта партияда ўрнига киришлар, ректор гуруҳлари ва яна бир қанча схемалар ўтган йиллардагидай ваҳима бўлмади.

Ээээнг қувонарли жиҳати, битта павильонга минглаб абитуриентлар йиғилган жойда кўнгилсиз ҳодисалар бўлмади, Худога шукур. Кондиционерлар ўчиб қолмади, оммавий тартибсизликлар бўлмади, ёнғин ва шу каби офатлар кузатилмади, хайрият.

4+ албатта катта баҳо. Лекин бунда биринчи йил эканлиги, ҳали бирорта амалдор, ҳеч қайси масъул ижрочи бу тизимни илгари кўрмаган ҳолда шу даражада муваффақиятли ўтказа олганлиги инобатга олинди. Масалан, кейинги йили жорий йилдагидан бирорта ўсиш ва ривожланиш сезилмасдан, худди бу йилгидай ўтса, унда 3 дан сал ўтказиб баҳолаш мумкин.

Албатта, бу баҳо менинг ўта шахсий фикрим холос. "Сен кимсану, сенинг қўйган баҳонг нима бўларди" дейишингиз ҳам мумкин. Бу фикрда ҳам жон бор. Тест синовлари бошлангандан токи якунигача имкон қадар шу жараённи ичида бўлиб, абитуриентлар томонда туриб шу қозон ичида "қайнашга" ҳаракат қилганим учун, ўз шахсий фикримни айтай дедим-да.

Фурсатдан фойдаланиб, тест жараёнини кўтаринки руҳда ўтказишга ҳисса қўшган барча мутасаддиларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Ҳазилакам куч-қувват сарфланмагани аниқ, илоҳим, кейинги йилларда ҳам шу темпни ушлаб қолиб, янада ривожлантириб, ҳалиям жони узилмаган, лекин чалажон бўлиб ётган айрим "тўдалар"ни батамом илдизи билан қуритишларингизга тилакдошман.

Ҳурмат билан,
Хушнудбек.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

  • 👍 2
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek