Йил тайинловлари: вилоят ҳокимлари мисолида
Йил тайинловлари – вилоят ҳокимлари мисолида
Жорий йилда Ўзбекистонда кадрлар сиёсати билан боғлиқ қатор ўзгаришлар кузатилди. Ана шуларнинг энг муҳимлари ҳақида имконини топиб, маълумот беришга ҳаракат қиламан. Дастлаб вилоят ҳокимларига тўхталсак.
2018 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбариятида қуйидаги ўзгаришлар кузатилди:
ТАЙИНЛАНГАНЛАР:
👉 21 апрель куни Фарҳод Ўрозбоевич Эрманов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди (ПФ-5423-сонли Президент Фармони). У Илгузар Сабировнинг ўрнини эгаллади. Бунгача у Беруний тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётган эди. 30 ноябрь куни Фарҳод Эрманов лавозимидан «в.б.» қўшимчаси олиб ташланди ва у вилоят ҳокими этиб доимий асосда тасдиқланди.
👉 27 апрель куни “Artel Injiniring” МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Абидович Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди (ПФ-5427). Бунгача Тошкент шаҳрига Раҳмонбек Усманов ҳокимлик қилиб келаётган эди. 20 декабрь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан «в.б.» қўшимчаси олиб ташланди ва у шаҳар ҳокими этиб доимий асосда тасдиқланди.
👉 12 июль куни Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди (ПФ-5479). Бунгача у Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида ишлаб келаётган эди. Эркин Турдимовгача вилоят ҳокими сифатида шов-шувли коррупцион жиноят иши натижасида лавозимидан озод этилган Туроб Жўраев ишлаб келаётганди. Ўзининг шахсий сайтига эга илк вилоят ҳокими бўлиб турган Эркин Турдимовдан ҳозирча «в.б.» қўшимчаси олиб ташланмаган.
👉 12 июль куни Самарқандга кетган Эркин Турдимов ўрнига Баҳодир Бахтиярович Пўлатов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди (ПФ-5480). У бунгача Тошкент вилояти прокурори сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Ҳозирча Баҳодир Пўлатовда ҳам «в.б.» қўшимчаси бор.
Лавозимидан «в.б.» олинганлар
👉 5 январь куни Ғуломжон Иномович Ибрагимов Тошкент вилояти ҳокими лавозимига доимий асосда тайинланди (ПФ-5295). У 2017 йил 31 октябрдан (ПФ-5221) «вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи» эди. Ғ.Ибрагимов ҳокимликка келгунгача Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари бўйича Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
👉 30 март куни Эргаш Алибекович Салиев Жиззах вилояти ҳокими лавозимига доимий асосда тайинланди (ПФ-5391). У ҳам 2017 йил 31 октябрдан (ПФ-5218) «вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи» эди. Вилоят ҳокими бўлишидан аввал Арнасой тумани ҳокими эди.
2018 йилда бошқа ўзгариш бўлмади. Қуйида қолган ҳудудлар раҳбарларининг тўлиқ рўйхатини хронологик кетма-кетликда келтирамиз:
2016 йил
Навоий вилояти ҳокими — Турсунов Қобул Бекназарович (2016 йил 25 декабрдан - ПФ-4900)
Бухоро вилояти ҳокими — Барноев Ўктам Исоевич (2016 йил 16 декабрдан - ПФ-4885);
Сирдарё вилояти ҳокими — Мирзаев Ғофуржон Ғаниевич (2016 йил 15 декабрдан - ПФ-4880);
2015 йил
Наманган вилояти ҳокими — Бозоров Хайрулло Ҳайитбоевич (2015 йил 26 ноябрдан - ПФ-4765);
2013 йил
Қашқадарё вилояти ҳокими — Рўзиев Зафар Шаропович (2013 йил 27 сентябрдан - ПФ-4568);
Андижон вилояти ҳокими — Абдураҳмонов Шуҳратбек Қўшақбаевич (2013 йил 26 апрелдан - ПФ-4537);
2011 йил
Фарғона вилояти ҳокими — Ғаниев Шуҳрат Мадаминович (2011 йил 7 ноябрдан - ПФ-4379).
Бундан хулоса қилиш мумкинки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида сайлангандан сўнг фақат 4та –Қашқадарё, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг ҳокимлари ўз ўрнида қолди, қолганлар янгиланди.
Эслатма: 2016 йил 12 октябрдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси сифатида Сариев Қахраман Раматуллаевич фаолият олиб бормоқда.
Йилнинг бошқа тайинловлари ҳақида: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

