Erkin Vohidov she'rlaridan namunalar
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganЭркин Воҳидов шеърларидан қисқагина парча:
***
Замон тез, фурсат оз,
Ҳар лаҳза зиқдир,
Ҳар лаҳза зиқлиги билан қизиқдир.
Ҳаёт йўли надир? Қабр тошида,
Икки сана аро қисқа чизиқдир.
***
Ўрис бўлдик русдан зиёда,
Муслим бўлдик арабдан ортиқ.
Бирни топсак ёруғ дунёда,
Ўн каррани қиламиз тортиқ.
Ичдик, чекдик, шўро юртида,
Ўздик барча оғалардан ҳам.
Юзсизликда ошмасак бўлди,
Овропалик тоғалардан ҳам.
***
ВАТАН СОҒИНЧИ
Қай олий маконга сафар қилмайин
Қай йироқ соҳилга элтмасин қисмат,
«Ассалому алайкум» дея жилмайиб
Бир ўзбек қондошим қаршилар албат.
Бизлар Коломбога қўнганда саҳар,
Илк бор у қаршилаб парвона бўлди.
Шунда рутубатли , бадбўй бу шаҳар
Кўзимга чарақлаб Фарғона бўлди.
Мадорасда тилмоч ул ўзбекзода
Баробар сўзларди саккиз тилда ҳам.
У оқ халат кийиб дорушшифода,
Афғон боласига қўярди малҳам.
Нур қасрини тиклаб Фурот узра у
Араб хонасига ёқарди қуёш.
Пахта ўстирарди Нилдан олиб сув,
Қалбида Африқо филича бардош.
Мисрда Юсуфдек бўлиб кўринди,
Яманда у менга туюлди Ҳотам.
Бу аён туйғудир - на қилса энди
Оловдек ташланар кўзга ўз одам.
Букун олис йўлдан қайтганим чоғда
Илк сатримда сизни қилдим муқаррар -
Эй, сиз, жондошларим , юртдан йироқда
Юртнинг хизматига боғланар камар!
Биламан, не азоб юки ҳижроннинг,
Не дарддур ой-йиллар бўлмоқ интизор.
Биламан, соғинчи Ўзбекистоннинг,
Кўзингиз тубида ҳамиша бедор.
У жаҳон ичида битта жаҳондир,
Бир кўрган умрбод қилгуси ҳавас.
Ернинг тортиш кучи енгмоқ осондир
Она- Ер меҳридан узилиб бўлмас.
Дўстларим, ҳар қайда бўлинг саломат,
Омон қайтинг уйга олис макондан.
Тилагим, ҳеч қачон, ҳеч қачон қисмат
Бизни айирмасин Ўзбекистондан...
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ



