Тўғри сўзнинг тўқмоғи: Эркин Воҳидов шеъри ва хулосалар

Matn19-avgust, 2019, 20:133 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Фейсбукнинг эслатишича, бундан роппа-роса 5 йил олдин қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирган эканман. Умуман олганда ўша 2014 йилдаги фикрларимда ҳозир ҳам собитман, аксинча ортда қолган йиллар, хулосаларимни янада мустаҳкамлади. Сиз ҳам бир ўқиб кўринг:

«ТЎҒРИ СЎЗНИНГ ТЎҚМОҒИ»

Эркин Воҳидовнинг бир шеърини ўқиб қолдим. Таъсирландим. Енгил тилда ёзилган. Лекин маъноси катта. 1989 йилда ёзилган бу шеър бугунги кунда ҳам заррача қадрини йўқотмаган. Баъзи инсонларнинг амал эгаларига пахта қўяётганини, уларга ёқиш, яхши кўриниш учун ўзлигидан ҳам воз кечаётганини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Улар узоқроқ "яшаш", яхшироқ "умр кечириш", кўзга яхши кўриниш учун, эҳ-ҳе, нималар қилишмоқда. Баъзан кўриб, кулгинг, баъзан кўриб, йиғлагинг келади, баъзан эса ғазабинг қайнайди!

Аммо ўртоқлар, менимча, бундай "пахтакорлик"нинг умри қисқа. Тўғри сўзни айта олиш керак, ҳеч бўлмаса шунга ҳаракат қилиш керак. Албатта тўғри сўзни айтувчиларнинг душмани кўп бўлади. Улар раҳбарларга, ён-атрофдагиларга доим ҳам ёқавермайди. "Тили заҳар" дейишади. "Бетгачопар" деб ола қарашади. Улар умри давомида турли қийинчиликларга дуч келишади. Аммо бу ўзликни йўқотишдан яхши-ку.

Ҳа, азизлар, ўзликни йўқотишдан яхши.

Шеърда ҳам шундай воқеа ҳайвонлар иштирокида тасвирланган. Охирида ўзлигини йўқотмаган от ғолиб келади, қуён, қўй ва эчки эса мағлуб.

Аммо... Аммо ҳаётда доим ҳам шундай бўлаверармикин? "Йўқ" дейишдан олдин, шошманг. Бир дақиқа ўйлаб олинг. Сиз охирини кўра оласизми? Ҳозир ёмонлик, мағлубият бўлиб кўринган нарса, аслида яхшилик, ғалаба бўлиши мумкин. Ёки аксинча, бугунги тилёғмалик ортидан ишлари беш бўлаётган лаганбардорнинг қачондир ҳолига вой бўлиши мумкин.

Ахир шунақа бўлиши мумкин-ку, тўғрими?

БЎРИ ЧАҚИРГАН МАЖЛИС ВА БЕОДОБ ОТ ҲАҚИДА ЛАТИФА

Бўрининг қорни тўйди,
Гўшт ҳам тегди жонига.
Эчки, қуён, от, қўйни
Чақирди у ёнига.

Деди: ҳозир тўқ пайтим,
Фойдаланиб қолинглар.
Менга дашномлар айтиб,
Танқид қилиб олинглар.

Қани, бошла, қуёнбой,
Бир эшитай сўзингни.
Ботирсан-ку, бийронбой,
Кўрсатиб қўй ўзингни.

Ўртага чикди қуён,
Авайлаб ўз жонини.
Ўлтирар бўри полвон
Қашлаганча қорнини.

Қуён деди: «Минг раҳмат,
Менда ҳеч шикоят йўқ.
Сиздек олий марҳамат
Соҳиби иноят йўқ.

Мен қулингиз на дердим,
Сизга фидодир жоним...»
Бўри хурсанд ҳайқирди:
— Баракалла, Қуёним.

Бунча ширинсан, оқил,
Чидаш қийин, не дейман.
Ҳозир тўқман, тонгда кел,
Наҳорга сени ейман.

Қуён кетди бош эгиб,
Мунғайганча дилхаста.
Сўнг қўйга навбат тегиб
Минбарга чиқди аста.

Деди: Ҳеч вақт ҳеч бўри
Биздан ҳол сўрган эмас.
Минбар бериб, жой тўрин
Муносиб кўрган эмас.

Бу обрў, бу ҳурматдан
Мен теримга сиғмадим.
Бундай зўр марҳаматдан
Таъсирланиб йиғладим.

Бизлар мўмин, маъқул эл,
Раҳм эт, ўзга не дейман.
Бўри деди: индин кел,
Сени тушликка ейман.

Қўй кўз ёш тўкди баъраб,
Исён қилмади лекин.
Кетаркан маъюс қараб,
«Раҳмат» деб қўйди секин.

У кетгач келди навбат
Узунсоқол эчкига.
Унга тегди таклиф хат
Пайшанба кун кечкига.

Ниҳоят охирги гап
Навбати отга етди,
У бўрини мўлжаллаб
Жағига чунон тепди.

Олов сачраб кўзидан
Бўрида жон қолмади.
Кетганича ўзидан
Қайтиб тура олмади.

Ҳамон унутмас отнинг
Бу ишин ва дер ҳар вақт:
— Мендек демократнинг
Падарига минг лаънат!

Бемаъни мажлисга мен
Икки дунё қайтмайман.
От — беодоб, от ўлсин,
Зиёфатга айтмайман.

Лекин унга тан бериб,
Ичида «қойил» деди.
Қуён, эчки ва қўйни
Айтган вақтида еди.

Эркин Воҳидов, 1989 йил.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek