Ўқишга кирган куним: Хушнудбек Худойбердиев хотиралари

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0tahrirlangan

ЎҚИШГА КИРГАН КУНИМ
(#abituriyent'лик давримни эслаб)

Орамизда талаба бўлганлар мандат кунини унутмаса керак, чамамда. Менинг ҳам хотирамда бу кун бир умр муҳрланган.

2006 йил. Юридик институтга ҳужжат топширганман. Имтиҳонлар ўтди. Саволларга бир амалладим, хуллас. 200 баллга яқинлашганимга ишончим комил. Кирган-кирмаганимни билмайман аммо.

Мандатни кутиш бошланди.

Ўша пайтларда ҳар йили Ипподром бозорида савдо қилардим. Август ойида канцтовар сотардим. Имтиҳондан кейин савдога тушиб кетдим.

Мандатни кутиш давом этмоқда.

Ҳар йили жавоблар 10 августда чиқарди. Бизни йилга келиб, 10 августда чиқмади. 11, 12, 13, 14... Жавоблар йўқ.

У пайтда 5100 га СМС юбориш, ДТМ сайтидан кўриш, CLICK хизматидан билиш деган нарсалар йўқ эди. Бориб, кўриб келардик ҳар куни. Аниқроғи, мен савдога чиқиб кетардим, ҳар куни эрталаб аяжоним Чилонзордан Юнусободга бориб, кўриб келардилар.

У пайтларда мобил телефон деган нарсалар ҳам йўқ эди. Аниқроғи, менда йўқ эди. Фақат дадам тутардилар холос.

Аниқ эсимда, 2006 йил 16 август. Тонг саҳардан савдога чиққанман. Аям яна Юнусободга кетганлар. Савдо қилиб ўтирибман-у, бор хаёлим мандатда. Нима бўларкин? Кирдиммикин? Неча балл олдим экан? Нечтадан ишладим экан? Ва ҳ.к.

Соат 11 лар атрофида эди, адашмасам. Узоқдан дадамнинг келаётганларини кўрдим. Айтганча, ўша вақтда дадам ҳам Ипподромда савдо қилардилар.

Дадам яқинлашяптилар-у, мен ҳаяжонланаяпман. 40 қадам, 30 қадам, 20 қадам, 10 қадам...

Дадам мен савдо қилаётган растанинг ёнига келиб, қўлларини узатдилар: «Ўғлим, ўқишга кирибсан, табриклайман! Раҳмат, сенга». Бўлди, бошқа гап айтмадилар. Яна ортга қайрилиб кетдилар. Ўша пайтда этларим жимирлаб кетди. Ғалати бир ҳиссиёт чулғаб олди танамни. Қандайдир ғалати. Қандайдир ажойиб.

Бирдан эсимга тушиб қолди. Контрактми, бюджетми? Дадам бироз узоқлашгандилар. Худди шу саволни бердим: «Дада, контрактми, бюджетми?».

Дадам ортларига қарадилар-у, «Контракт, ўғлим. Буёғи сенинг ишинг эмас» дедилар.

Ўзимча сал хафа бўлдим. Шууунча ўқиб, контрактга кираманми энди, деб ўйлардим ўзимча. У пайтларда айрим сабабларга кўра, бюджет даҳшатли даражада баланд бўларди ))

Энг қизиғи нима бўлган айтайми? Ўша вақтда менда иккита харидор савдо қилаётганди. Бири ёшроқ талаба йигит, иккинчиси бир аёл.

- Ўқишга кирибсизми? - деб сўради аёл.
- Ҳа, - дедим оғзим қулоғимда.
- Қайси ўқишга?
- Юридическийга.
- Во, зўр-ку. Унда суюнчисига пул бермасак ҳам бўларкан-да?
- Албатта!

Хуллас, ўқишга кирганлигим ҳақидаги хушхабарга гувоҳ бўлган икки харидор текинга савдо қилганди мендан. Ростини айтсам, неча пуллик нарса олганини эслолмайман. Лекин шу нарса аниқ эсимда-ки, иккала харидор ҳам нарсаларини олиб бўлган, ҳисоб-китоб қилаётгандим. Талаба йигит текин олган нарсасига рози бўлиб, раҳмат айтиб кетди. Аммо ҳалиги аёл «Вой, айтганча, бизга мана бу нарса ҳам керак эди» деб яна у-бу нарса қўшиб олганди ))) Йўқ-йўқ, мен асло норози эмасман. Мингдан-минг розиман. Шунчаки, эсимда қолиб кетгани учун айтдим-да...

Хуллас, шунақа гаплар. Мандат куни ўзим бормаганман. Аям борган. Аям дадамга телефон қилган. Мен эса дадам орқали эшитганман.

Қиссадан ҳисса шуки, 2006 йилда 190,0 балл билан Тошкент давлат юридик институти талабаси бўлгандим. Тарихдан 30 та, она тили ва адабиётидан 31 та, инглиз тилидан 29 та саволга тўғри жавоб берганман.

Жорий йилда талабалик бахтига эришган ва эришадиган барча-барчани чин қалбдан табриклайман! Илоҳим, юртимизга, ватанимизга фойдаси тегадиган малакали мутахассис бўлиб етишиш насиб қилсин.

Сиз ҳам талаба бўлган кунингизни эслайсизми? Хотираларингизни биз билан ўртоқлашинг.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek