Veyplarni sigaretga tenglashtirish taklif etilmoqda
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganКоронавируснинг мисли кўрилмаган пандемияси соғлиғимизни асраш бу каби даврларни енгиб ўтиш учун нақадар муҳимлигини кўрсатди. Шифокорларнинг айтишича, коронавирус келтириб чиқарадиган салбий оқибатларнинг аксарияти ўпкага таъсир қилади, улар эса асосан тамаки чекиш натижасида емирилади.
Сўнгги пайтлардаги инфодемия оқибатида Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасига кўпчилик эътибор қаратмади. Унда жудаям муҳим ўзгартишлар ўрин олган, жумладан, буғ билан чекиладиган “вейп” ускуналарини сигаретга тенглаштирилувчи нормалар киритилган.
Чекиш – қарамликнинг бир тури. Узоқ йиллардан бери чекиб келаётган одамни бу одатдан кечиши жуда ҳам мушкул. Аммо менимча, бу ёмон одатдан ёшларни иҳоталаш ўз қўлимизда. Чунки ёшларимиз кўп ҳолларда бунда “крутойлик” аломатларини кўришади ва бу уларнинг сўнгги пайтлардаги вейпларга ишқибозликларида яққол кўринмоқда. Улар вейплар сигаретларга нисбатан зарарсизлиги ҳақидаги ёлғонларга ишонишади, аслида вейплар таркибида ҳам ўша-ўша тамаки ва никотин мавжуд. Буни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вейплар инсоннинг юрак−қон томир ҳамда нафас олиш тизимларини ишдан чиқариши ва айниқса ўсмирлар учун хавфли экани ҳақидаги хулосаси ҳам тасдиқламоқда.
Қонун лойиҳасининг муаллифлари, Молия вазирлигининг мутасадди раҳбарларига алоҳида миннатдорлигим ва қўллаб-қувватлашимни айтмоқчиман. Бу чекишга қарши курашда қўйилган муҳим қадам ва умид қиламанки, бу кураш янада кучаяди.
Шунингдек, тамакини қиздирувчи электрон мосламаларни ҳам сигаретларга тенглаштириш кераклигини таъкидлаган бўлардим. Шу каби ўзгартишлар айни кунларда Қозоғистонда қабул қилинди, тез орада Россияда ҳам қўлланилиши кутилмоқда. Албатта, бу таклифим айрим компанияларга ёқмаслиги табиий, аммо бу керакли чора.
Мен ҳар доим чекишга қарши бўлганман, ўзим ҳам шу пайтгача чекмаганман ва бундан кейин ҳам инсонлар саломатлиги учун шу позициямда қоламан.
👉 @xushnudbek 👈

