Ўзбек тили учун IELTS каби баҳолаш тизими яратилади
IELTS каби Ўзбек тилида ўқиш, ёзиш, гапириш ва эшитиш кўникмаларини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш учун экспертлар керак!
Кеча Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Фейсбук саҳифасида ўзбек тили учун ҳам IELTS баҳолаш тизимини яратиш бўйича таклиф билан чиқди ва ушбу лойиҳада иштирок этишни истаган мутахассисларни ҳамкорликка таклиф қилди. Постни қуйида тўлиқлигича ҳавола қиламан:
«Тилни ўрганишда нафақат грамматика балки ҳаётда у тилдан фойдаланиш учун кўникмалар ҳосил қилиш жуда муҳим. Лекин, шу вақтгача IELTSдаги каби барча 4 та кўникмани холис баҳолайдиган тизим ўзбек тили учун яратилмаган. Агар уни йўлга қўйсак ўқувчиларимизнинг ўзбек тилини янада яхшироқ ўрганишга, яхшироқ ўқиб тушунишга, равон гапиришга, ўз фикрларини бемалол ёзма ифода этишга имконият яратамиз. Яхши ишончли тизим яратилса уни кейинчалик Давлат тест маркази билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларига ҳам кириш имтиҳонларида жорий қилса бўлади.
Ҳозир бу 4 та кўникмани инглиз тилида баҳолаш учун хорижий экспертлар билан ҳамкорликда компьютердаги тест тизими ҳам яратилган. Лекин бу тизимдан ўзбек тилидаги кўникмаларни баҳолашда фойдаланиш учун ўзбек тили мутахассислари, айниқса тест тузиш бўйича мутахассислар керак. Биз шундай мутахассисларни излаяпмиз.
Агарда сизнинг ҳам айнан шундай кучли мутахассис танишларингиз бўлса, бизга албатта хабар беринг. Ушбу постга изоҳ қилиб уларнинг ким экани, қаерда ишлаши, қолаверса уларнинг ижобий тажриба ва натижалари ҳақида тавсия берсангиз, биз уларни саралаб олиб экспертлардан иборат ишчи гуруҳини тузамиз ва ўзбек тилини баҳолашнинг янгича тизимини яратамиз. Кучли экспертларга қилган ишлари учун тегишли маблағ ажратилади.
Мана бугун жуда катта тарихий воқеа бўлди. Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Давлат тили байрами Давлат Раҳбари иштирокида шундай катта нишонланди. Бу таълим соҳаси учун албатта жуда катта масъулиятни ҳам юклайди. Шунинг учун кучли ва фидоий мутахассисларни йиға олсак ва янги баҳолаш тизимини яратсак барча таълим муассасаларидаги ўқувчилар учун жуда фойдали бўлар эди. Бу эса ўз навбатида Ўзбек тили Давлат тили деб белгиланганининг 30 йиллиги учун ўзига хос яхши совға бўлади.
Байрам муборак!»
Пост тугади.
Биз ҳам ушбу лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва лойиҳада иштирок этишни истаган барча мутахассисларни бирлашиш учун чорлаб қоламиз!
👉 @xushnudbek 👈
