Усмонжон Қодировнинг қамоқ муддати қисқартирилди
Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан чиқарилган 15 кунлик маъмурий қамоқ муддати 2 кунга қисқартирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.
29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирди.
27 май кун куни Усмонжон Қодировга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми ва 183-моддаси билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.
Кассация инстанцияси биринчи инстация суди Усмонжон Қодировга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олмай, бир мунча оғир жазо тайинлаганини тан олди.
Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка қамоқ жазоси ўзгартирилиб, 2 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланди. Шунингдек, Усмонжон Қодиров маъмурий қамоқ харажатларидан озод қилинди.
Олинган маълумотларга кўра, Усмонжон Қодиров ҳозир қамоқдан чиқарилган ва озодликда, оиласи бағрига қайтган.

