Умра сафарида интернет ва алоқа бўйича тавсиялар
Умра сафари: интернет ва алоқа
Сафар давомида зиёратчиларга алоқа керак бўлади. Яқинлари билан суҳбатлашиш, гуруҳдагилар бир-бирини топа олиши, элликбошилар томонидан айтиладиган турли янгилик ва эслатмалардан хабардор бўлиб туриш, иш зарурияти ва ҳ.к.
Меҳмонхоналарда Wi-Fi тизими ишлаб туради ва ҳатто ўзбекистонлик зиёратчилар учун алоҳида «uzbek» деган промо-код жорий қилинган.
Алоқага келсак, шахсан мен Uzmobile роумингидан фойдаландим. Кириш ва чиқиш 1 дақиқаси 4 минг сўмдан. Сим-карта алмаштириш шартмас, Zain алоқа компанияси хизмат кўрсатади. Аммо яхшиси мобил интернет олинса, роуминг шарт бўлмайди. Чунки ҳозир интернет орқали Telegram, Imo, Skype каби иловалари билан бемалол телефон қилиб, гаплашса бўлади.
Uzmobile’да Ҳаж ва Умра учун махсус роуминг интернет пакетлари ҳам бор экан. 6 ГБ интернет 700 минг сўм. Олиб ишлатиб кўрдим, тавсия қилмайман. Жуда секин.
Ундан кўра, меҳмонхонадан ташқарида мобил интернет ишлатиш учун маҳаллий компаниялардан сим-карта олган маъқул. Мадинада покистонлик йигитлар меҳмонхона олдида сим-карта сотади. Лекин улар қиммат. 25 доллардан 40 долларгача.
Аслида компаниянинг кичик офислари ва филиалларидан олинса, анча арзон бўлади. 10-15 долларга 10 ГБ ва ундан кўп интернет беради. Zain, Mobily, Etisalat ва бошқа алоқа компаниялари 5G интернет тақдим этади. Шунингдек, маҳаллий қўнғироқлар учун ҳам дақиқа беради.
ХУЛОСА: агар сизга фақат уйдагилар билан гаплашиш керак бўлса, унда меҳмонхонадаги Wi-Fi интернети бемалол етади. Тезлиги яхши.
Агар меҳмонхонадан ташқарида ҳам интернет керак бўлса, унда маҳаллий бирор оператордан 10-15 доллар атрофида сим-карта олганингиз маъқул.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1226



