Тошшаҳартрансхизмат ходимасига қўл кўтарган ҳайдовчи қамалди
Manba:Daryo — LIVE
«Тошшаҳартрансхизмат»да ишлайдиган ўша аёлни ҳақоратлаб, сўнг унга қўл кўтарган иккинчи ҳайдовчи ҳам қамалди
Октябрь ойи бошида Тошкентдаги «Буюк Ипак йўли» автобус бекати олдида «Тошшаҳартрансхизмат»да ишлайдиган ўша машҳур, смартфон кўтарган аёл ва навбатдаги қоидабузар ҳайдовчи иштирокидаги ишкал ҳақида ёзгандик. Қоидабузар «дамасчи» жаҳл устида аёлнинг телефонини тортиб олган, уни ҳақорат қилган, унга қўл кўтарган эди. Уларни бир муддат бир милиционер ажратиб қўйиб, сўнг у ҳам йўқолиб қолган эди. Бугун шаҳар милицияси ушбу ҳодиса оқибатлари ҳақида батафсил ахборот берди (аввалроқ шунақа ваъда берганди).
Демак, жаҳлдор «дамасчи» (унинг исми Ҳусниддин, у 25 ёшда) маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида («майда безорилик») назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган ва уч суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган (шу аёлни ҳақоратлаб, унга қўл кўтарган аввалги муштумзўр ҳайдовчи — 26 ёшли Ҳикматулла беш суткага қамалган эди). Бундан ташқари, машинаси (Damas)ни автобус бекатида тўхтатгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига («транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши») асосан жаримага тортилган (ИИББ хабарида жарима миқдори ёзилмаган — у энг кам иш ҳақининг уч баравари (552 900 сўм)дан 15 баравари (2 764 500 сўм)гача бўлиши мумкин).
Видеони кўрган бўлсангиз, Damas’да Ҳусниддиннинг ёнида ўтирган йўловчи ҳам аёлни ҳақорат қилган эди. Шаҳар ИИББдан маълум қилишларича, унинг исми Умидбек, у ҳам Ҳусниддин каби 25 ёшда ва энди у ҳам судланган: суд уни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 41-моддасида («ҳақорат қилиш») назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг икки баравари (368 600 сўм) миқдорида жарима солган. Видеонинг бошида аёлнинг огоҳлантиришларига қарамай, автобус бекатида йўловчи йиққан «дамасчи»га нисбатан эса (у 35 ёшли Абдумажид экан) 128-6-модда бўйича баённома тузилган (у ҳам энди худди Ҳусниддин каби камида 552 900 сўм, кўпи билан 2 764 500 сўм жарима тўлайди).
Хўш, энди милиция ходимининг ҳаракатлари ҳақида гаплашсак: ИИББ баёнотига кўра, у аслида Тошкент метрополитенини қўриқлашда турган бўлган ва шовқинни эшитиб, постини ташлаб, «Тошшаҳартрансхизмат»да ишлайдиган аёл ва жаҳлдор «дамасчи»ни ажратиб қўйиб, яқин атрофдаги патруль-пост хизмат вакилларини чақирган. «Шундан сўнг у яширинмаган, балки жанжал битди деган ишонч билан яна хизмат жойига қайтган. Аммо аёлнинг кейинги ҳаракатлари жанжалнинг янги тўлқинини келтириб чиқарган», — дейилади шаҳар милицияси ахборотида. Видеода аёл «кўзойнагимни қайтаринг», деб жаҳлдор «дамасчи»нинг ортидан юргани учун охири калтак еганини кўриш мумкин.
Шу, тамом. ИИББ ўз ахборотида аёлни бирорта эркак ҳимоя қилмаганини, ҳеч ким аёлни ўзини босишга, ҳайдовчини эса тартибга чақиришга ҳаракат қилмаганини афсус билан қайд этиб ўтган. Яна, фуқароларни қонунни бузмасликка, ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда гаплашишга чақирган. Рости гап — аёлнинг ҳаракатлари сал-пал қўпол, оғирроқ; ҳе йўқ, бе йўқ камера кўтариб келиб, «хаҳ, тутдимми!», деб туриш бирда бўлмаса ҳам бошқасида ҳар қандай хотиржам одамни ҳам издан чиқариб юбориши мумкин. Лекин, аёлнинг ҳаракатлари қўполроқ кўрингани, оҳанги оғирроқ чиққани билан у ёмон ё нотўғри иш қилмаяпти — шу шаҳарда тартиб бўлиши учун кўпчилигимиздан кўпроқ ҳаракат қиляпти. Ҳар биримиз шу аёлдек нафақат бошқаларга, балки ўзимизга ҳам талабчан бўлганимизда эди, қонун-қоидаларни ҳурмат қилганимизда эди, яхши ҳаётимиз ҳозиргидан-да яхшироқ бўларди, албатта.

