Тошкентда аёлларнинг 23 тоифали рўйхати тузилди
Аёлларнинг 23 тоифаси
Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамкорликда «Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар» ишлаб чиқибди. Шу асосда 23 та тоифани тузиб чиқишибди. Энди маҳаллалардаги профилактика инспекторлари мана шу 23 та тоифага тушадиган аёлларни картотекага тушириб чиқармиш.
Бу Қўшма қарорни Тошкент шаҳар ҳокими тасдиқлаб ҳам берибди.
23 талик рўйхатда қуйидаги аёллар ҳам жой олибди:
1. Тошкентда вақтинча яшовчилар;
2. Рўйхатдан ўтмай яшовчи аёллар;
3. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар;
4. Балоғатга етмаган (18 ёшгача) ва ёш (18-30 ёш) қизлар;
5. Ишсиз аёллар;
6. Кам таъминланганлар;
7. Ногирон, ажрашган, фарзандини ёлғиз катта қилаётган, боқувчисини йўқотган аёллар;
8. Нотинч оилалардаги аёллар;
9. Узоқ вақтдан сўнг ватанга қайтганлар;
10. Уйида узоқ вақт бўлмаганлар;
11. Тиланчи аёллар.
Очиғи бу даражада дискриминация ҳиди анқиб турган рўйхатни тузганлардан ҳайрон қолмадим.
Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга аъзо бўлган. Юқоридаги рўйхат эса ўша конвенция талабларига мутлақо зид. Чунки шу рўйхатнинг ўзи аёлларни камситиш дегани!
Булар ақлдан озганми, нима бало?
Пропискани қўшишганини айтмайсизми. Бу уйинг куйгур прописка ҳам ҳеч бекор бўлмади, бўлмадида. Ўз ватанида жиноятчидай яшаш одамларни жонига тегяпти. Боз устига мана бунақа рўйхатларда пропискаси йўқларни расман жиноятчиликка мойил деб туришса, алам қиларкан одамга... Ҳе, сенларни ўша виждонларингга...
Ўзбекистондаги миллионлаб аёлларни қўя турайлик, оддийгина мисол, кўплаб юқори лавозимдаги амалдорларнинг турмуш ўртоқлари ҳеч қаерда ишламайди, уй бекаси. Профилактика инспекторлари уларни ҳам рўйхатга олармикин? Қизиқ-да шунчаки...
Тез фурсатларда бу аҳмақона ҳужжатни бекор қилишларини талаб қиламиз! Опа-сингилларимизни, муҳтарама аёлларимизни бу даражада хўрлайдиганларни, таҳқирлайдиганларни таг-туги билан йўқотиш ҳам керак!
👉 @xushnudbek 👈


