Ўқитувчиларнинг Қозоғистонга боргани учун ойлиги кесилмоқда
Тошкент мактабларида янги одат чиқибди: Қозоғистонга чиқиб келган ўқитувчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш топшириғи берилганмиш.
Буни ўқитувчи бўлиб ишлайдиган аёлнинг шахсан ўзидан эшитмаганимда, аниқ ишонмаган ва миш-миш деган бўлардим.
Биламизки, чегаралар билан боғлиқ вазият юмшагандан сўнг, қўшни Қозоғистонга бозор қилиш учун минглаб инсонлар оқиб бора бошлади. Асосан Черняевка бозорга, эринмаганлар эса ундан ҳам узоқроқ Чимкентга бориб келишяпти. нархлар сезиларли даражада арзон, кимдир килолаб ширинлик олган, кимдир тўлиқ уст-бош қилган, кимдир телевизор қўлтиқлаган, кимдир музлатгич орқалаган ва ҳ.к. Ҳа, нима, арзон бўгандан кейин, иқтисодий фойда олгандан кейин олиб келса нимаси ёмон? Ўғирлик қилмаяптику, олса ўзини пулига оляпти.
Хуллас, ким, қайси "ақлли калла" топшириқ берган билмадиму, ўқитувчиларнинг паспортини текширишиб, Қозоғистонга бориб келган бўлса (чегарада муҳр босишади), ўша куни учун ойлик иш ҳақини кесишмоқчи эмиш (ҳали кесишмаган, май ойи якунига мўлжаллашяпти).
Албатта савол туғилади (мен ҳам шунақа сўрадим), асосийси иш вақтида иш жойида бўлган бўлса, дарсини вақтида ўтган бўлса, унда мактаб учун нима фарқи бор ўқитувчи бўш вақтида қаерга борганини? Айтишларича, айрим ўқитувчилар иш вақтини тугатиб, кечки пайт "ғиз" этиб Черняевкага бориб келишган. Паспортга босилган печатда вақти ёзилмайди, фақат куни босилади. Шу сабабли айнан иш вақтидан кейин борганини исботлаб бериши керак эмиш. Товба, нима ўқитувчи жиноятчимидики, чегара постига бориб, видеони кўтартириб, ўзини соат нечида қўшни давлатга чиқиб келганини исботласа?!
"Балки сен ўша куни ишга келмагандирсан", дейишаётганмиш. Ҳей, ақлинга сени, ўша куни ўқитувчи дарсини ўтганми? Ўқитувчи дарсга келмаган бўлса, мактаб раҳбарияти ўша заҳоти биладику! Агар ишга чиқмаган бўлса, тушунарли, у хоҳ қозоққа борган бўлсин, хоҳ уйида ётган бўлсин, барибир тегишли ички тартиб бўйича жазосини олсин. Лекин ўқитувчи дарсини тўлиқ ўтган бўлса, унда яна қандай эътироз бор бечора ўқитувчига?
Нима эмиш, КРУ текширса, "ўқитувчи чет давлатда бўлган куни нега ойлик тўлагансан", деб жаримага тортармиш ва пулни қайтартирармиш...
Менимча, ўқитувчилар бошига муаммо яратиш бўйича, жаҳонда биринчи ўринда турсак керак. Бирорта бошқа давлат бизнинг олдимизда ип эшолмайди. Биз севадиган ибора билан айтганда - "муқобил варианти йўқ".
Ўйлашмайдики, шу ўқитувчилар (бошқа инсонлар ҳам) Қозоғистонга нима учун боришяпти? Ўйин-кулгу, саёҳат ёки денгиз бўйида дам олиш учунми? Нима учун оғирдан-оғир юкларни кўтариб, савдо қилиб келишяпти, кўнгилхушлик учунми? Узундан-узун навбатларда туриб, чегарачиларнинг қош-қовоғига қараб, савдогарлар билан нима учун талашиб-тортишишяпти, шунчаки зериккани учунми? Йўқ, йўқ ва яна йўқ! 3-4 сўм фойда бўлсин, оиламга нафим тегсин, оладиган плюс-минус 1 млн ойлигим бироз бўлсада кўпроқ нарсага етсин, деган ўй-фикр бор ҳаммасининг бошида (албатта шунчаки қизиқишдан борадиган бойлар бундан мустасно).
Билмадим, яна қандай муаммолар ўйлаб топишаркина, ҳайронман.
Барака топгур ижрочи-раҳбарлар, одам бўлиб келдик, одам бўлайлик, элу юрт дардига малҳам бўлайлик...
P.S: Балки бу текширув фақат ўқитувчиларга тааллуқли эмасдир, балки бошқа ташкилотларда ҳам ходимлар учун “border control” бошлангандир. Яна ҳам ким билсин.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
- 👍 8


