Кўрпача устидаги тест саволлари ишига прокуратура аралашди

Matn16-noyabr, 2018, 19:152 daqiqa0 koʻrish

Manba:Daryo — LIVE

​​​​Тест саволларининг китоби кўрпача устида суратга олинган абитуритент (исми Ш.Н. экан) охири ўқишдан ҳайдалса керак. Ишга ва ниҳоят прокуратура аралашган

Кўрпача устидаги тест саволлари китоби эсингиздами? Шу саволлар китобининг эгаси Самарқанд давлат тиббиёт институтига давлат гранти асосида ўқишга кирганидан ҳам хабардорсиз, албатта. Шу иш бўйича янгиликлар бор. Биринчидан, шу саволлар китоби эгасининг исми-шарифи бош ҳарфлари — Ш.Н., яъни унинг кимлигини билиши керак бўлган барча органлар аллақачондан бери билади. Иккинчидан, бу ишга ва ниҳоят прокуратура жиддий аралашишни бошлаган.

Бош прокуратура ахборотида қайд этилишича, «Самарқанд спорт ўйини турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган болалар ва спорт мактабида 2018/2019 ўқув йили учун Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга қабул қилиш бўйича 1 август куни ўтказилган тест синовларида қатнашган абитуриент Ш.Н.га ишлаш учун берилган ва Давлат тест марказида қатъий ҳисобда бўлган тест саволлар китобининг 5-варағи фотосурати номаълум шахс томонидан интернет орқали тарқатилганлиги аниқланган».

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд милицияси Тергов бўлими суриштирувчиси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Текширувлар натижасига кўра 13 сентябрь куни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан («қилмишида жиноят таркиби бўлмагани боис гумонланувчини айбсиз деб топиш») жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг милиция суриштирувчисининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори қонунийлигини Самарқанд вилояти прокуратураси ўрганиб чиққан (хабарда бу ўрганишлар айнан қачон ўтказилгани айтилмаган) ва қарорни бекор қилган — бунга бир қатор қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш кераклиги сабаб қилиб кўрсатилган. Вилоят прокуратураси ўша қўшимча текширувларни ўтказиш бўйича Самарқанд шаҳар прокуратурасига топшириқ берган.

«Энди қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказилади», — дея хабар бермоқда «Кун.уз». Бу ишнинг охирида камида Ш.Н. ўқишдан ҳайдалса керак. Видеокузатув камераларини кузатиш орқали бошқа айбдорлар — саволлар китобини залдан олиб чиқиб кетганлар, бунга имкон яратиб берганлар, саволлар китобини залга қайтариб олиб кирганлар ва бунга ҳам имкон яратиб берган масъулларни ҳам топиш чўт бўлмаса керак. Агар прокуратура ишни мантиқий якунигача олиб борса, у ҳолда милиция суриштирувчиси нима сабабдан жиноят иши қўзғатишни рад этганини ҳам алоҳида ўрганиб чиқиш керак. Балки у ерда ҳам бирор қонун бузилган чиқар.

Бу Давлат тест марказининг ҳам, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳам обрўсига яхшигина таъсир кўрсатадиган иш — бу ишнинг аъло якуни обрўга обрў қўшади, пачава якуни эса юзни шувут қилади. Масъуллар шуни унутмасалар бас.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek