Сиёсий партияга мажбурий аъзолик муаммоси

Matn4-iyun, 2019, 21:002 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Сиёсий партияга мажбурий аъзолик ҳақида

Экологик партия, ЎзЛиДеп ҳамда Фермерлар Кенгаши нега жим?

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Жиззахда Экологик партияга ҳар бир тумандан 50 нафар фермерлар аъзо қилинаётгани ҳақида ҳам савол берилибди.

Саволга Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутати Шуҳрат Ёқубов жавоб берибди. Хусусан, у қуйидаги фикрларни ҳам айтиб ўтган:

«Қонунни яхши билмайдиган раҳбарнинг ҳаракати шунақа кулгили ҳолатга сабаб бўлди. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга асосан партияга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик ҳар бир фуқаронинг ўз ихтиёрида.

Сиёсий партияга аъзо қиласан, деб, норма белгилаб, қўл остидагиларга топшириқ бериши унчалик тўғримас. Агар ўша раҳбарнинг қўл остидагиларининг сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан билими бўлса, бу талабни бемалол бажармаслиги мумкин. Раҳбар ҳеч қанақа чора кўра олмайди».

Депутатимизга фикрлари учун раҳмат айтган ҳолда, шу бўйича 2 оғиз ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман:

1. Аслида ЎзЛиДеп ҳам бу воқеага тезкорлик билан муносабат билдириши, вазиятга изоҳ бериши керак. Ҳар ҳолда нормал жамиятларда шунақа бўлади.

Шунингдек, Фермерлар кенгаши (номи узун) ҳам албатта бунга муносабат билдириши шарт ва зарур! Улар бирорта фермер ҳеч қайси партияга мажбурий аъзо қилинмаслиги, агар фермерларни кимдир шунга мажбур қилаётган бўлса, албатта чора кўрилиши ва уларга ёрдам беришга тайёрлиги ҳақида баёнот билан чиқиши керак. Чунки бизга фақат Жиззахдаги ҳолат маълум бўлди холос, аслида бундай мажбурий аъзолик бутун Республика бўйлаб кенг қулоч ёзган бўлса не ажаб.

Энг қизиғи ЎзЛиДеп ва Фермерлар кенгашининг раҳбари бир киши.

Экологик партиянинг ҳозиргача сукут сақлаётганига эса мутлақо чидаб бўлмайди. Партияси шарманда бўлаётган бир пайтда, хавотир олмасдан жимгина кузатаётганига фақат қойил қолиш керак.

2. «Раҳбар ҳеч қанақа чора кўра олмайди» деган қисмига унчалик қўшилиб бўлмайди. Сиёсий партияга мажбурлаб аъзо қилдириш ҳақида бемалол ўйлаётган раҳбарлар, ўз топшириғини бажармаётганларни қандай жазолашни жуда яхши билишади.

Шунчаки “аризангни ёз ва ишдан бўша” дея зуғум қилганининг ўзида, қўрққанидан "ўз хоҳимга кўра" деб ёзиб берадиганлари қанча.

Ёки атайин комиссия ташлаб, тинкайи мадорини қуритиб, тирноқ орасидан топилган кирни рўкач қилиб, салкам халқ душманига чиқарадиган раҳбарлар йўқ дейсизми?

Шунинг учун «раҳбарларнинг ноқонуний талабларини бажарманг, Сизга ҳеч нарса қила олмайди» дейиш муаммонинг тўлақонли ечими эмас. Аввалоси раҳбарларнинг ноқонуний топшириқ бермаслигини қатъий назорат қилиш керак.

Албатта, буларнинг барчаси ИМҲО.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek