Қонунсизлик одати: бу яхшими, ёмон
Қонунсизлик одати: бу яхшими, ёмон?!
Ҳозирги гапларимни эътироз ёки танқид сифатида қабул қилманг. Балки шунчаки ҳуқуқшунослик дарси дея кўрсангиз ҳам бўлади. Чунки бу постни 2 хил позицияда туриб ёзганман, бири - оддий халқ вакили, иккинчиси - ҳуқуқшунос. Демак, бошладик.
Халқ вакили сифатидаги фикрим
Сўнгги пайтларда бир одат пайдо бўляпти. Яъни ижтимоий тармоқлардаги эътирозлардан кейин раҳбарлар қонунларга амал қилишни бироз ортга сурадиган бўлишди.
Масалан, биринчи ҳолат бу – йўл ҳаракати қоидалари билан юз берди. Кутилмаганда, осмондан тушгандай йўл ҳаракати қоидаларига ўзгариш киритилди. Лекин бу ўзгаришлар ҳақида аввалдан тарғибот ишлари олиб борилмагани сабабли жарима қўллашни 1 ойга кечиктиришди.
Кеча эълон қилиндики, энди 10 майдан бошлаб жарималар қўллашни бошлашар экан.
Иккинчи ҳолат, фермерлар билан боғлиқ эди. Гарчи конституция ва қонунларга зид бўлса ҳам янги қонун билан барча фермерлар нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланадиган Фермерлар кенгашига мажбуран аъзо бўлиши белгиланди.
Лекин яқинда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари интервью бериб, «‘мажбурий’ сўзи кўрсатилган бўлса ҳам, ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ, бундай ҳолат ҳали бўлмади. Агар шунақа мисоллар бўлса кўриб чиқишимиз мумкин» дебди.
Иккала ҳолатни ҳам халққа енгиллик бериш мақсадида қилинган ишлар, деб қабул қилсак бўлади.
Ҳуқуқшунос сифатидаги фикрим
Халққа фойдалиги яхшику, лекин буларнинг барчаси қонунга зид эканлиги мени хавотирга солади. Ички ишлар ҳам, Қишлоқ хўжалиги вазирлигию Фермерлар кенгаши ҳам ўзбошимчалик билан қонунларни ижросиз қолдиришга ҳаққи йўқ, аслида.
ИИВ билдирилган эътирозларни мана шундай қонунсизлик билан “ювмоқчи” бўлди. Жарималар 1 ой давомида қўлланмайди, деган гап шунчаки оғзаки буйруқ эди, бунинг ҳеч қандай ҳуқуқий асоси йўқ! Гарчи ИИВ халқни содда билиб, алдашга ҳаракат қилган бўлса ҳам, лекин бу гапларнинг барчаси ёлғонлигини ўзлари ҳам яхши билишади.
Яна қайтараман, кечиктириш халқ учун фойда бўлди, лекин қонунга хилоф.
Жарималар 10 майдан қўлланиши ҳақида хабар фақат турли ОАВлар орқали “сиздирилмоқда”. Аммо ИИВ бу ҳақида бирорта расмий хабар бермади. Нимага?
Чунки бунга ҳуқуқий асос топиб бера олмаслигини жуда яхши билишади.
Фермерлар масаласида ҳам худди шунақа. Қонунда фермерлар мажбурий аъзо қилинсин дейилганми, демак Фермерлар кенгаши “биз ихтиёрий аъзо қиламиз, мажбурламаймиз” дейишга ҳаққи йўқ.
Фермерларни мажбурлаш нияти бўлмаса, унда бу қонунни умуман чиқармаслик керак эди.
Эртами, индин, барибир мажбурлаш бошланади. Фақат ҳозир эътирозлар кўпайгани учун, вазиятни сал юмшатиш, сувдаги лойқани тинишини кутиш учун қилинган вақтинчалик стратегия холос.
Бугунги ҳуқуқий дарсимиздан хулоса шуки, унутманг, амалдаги қонун ҳужжатлари борми, демак барча унга бўйсунишга мажбур. Кимлигидан, қайси лавозимда эканлигидан қатъи назар.
Агар бу амалиёт кенг тарқалса, бугун халқ учун фойдали бўлиб кўринаётган оғзаки буйруқлар, эртага халқнинг зарарига ҳам чиқиши мумкинлигини унутманг. Бугун қонунда бўла туриб, жарима солишмаётганини олқишласак, эртага қонунда йўқ бўлса ҳам жарима солишмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Бугун мажбурий аъзолик белгиланган бўлса ҳам, "бизда ихтиёрий" деяётганлар, эртага ихтиёрий жойда ҳам, мажбурлашга ўтиши мумкинлигини унутманг. Бунақа мисолларни кўриб турибмизку ахир. Шундан хавотир олишимиз керак.
Қонунлар – уларни ижро этиш учун чиқарилади, уларнинг яхши-ёмонлиги эса, бошқа масала.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1
