Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади

Matn10-noyabr, 2020, 21:522 daqiqa0 koʻrish

​Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Владимир Путин раислигида ўтган йиғилишда, шунингдек, Покистон Бош вазири Имрон Хон (Покистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Си Цзиньпин (Хитой), Садир Жапаров (Қирғизистон), Қасим-Жомарт Тоқаев (Қозоғистон), Нарендра Моди (Ҳиндистон) иштирок этдилар.

Бундан ташқари, саммит ишида ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар вакиллари – Ашраф Ғани (Афғонистон), Халтмаагийн Баттулға (Мўғулистон), Ҳасан Руҳоний (Эрон), Роман Головченко (Беларусь) ҳамда ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов қатнашдилар.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

Саммит якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Москва декларацияси қабул қилинди.
Ўзбекистон ташаббуси билан саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёноти қабул қилинди.

Шавкат Мирзиёев нутқидан айрим парчалар:

- Ўзбекистон қардош Қирғизистоннинг энг яқин қўшниси ва стратегик шериги сифатида мамлакат халқининг тинч тараққиёт ва фаровонлик сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

- Биз, шунингдек, Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган келишувларни олқишлаймиз. Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдирамиз.

- Ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина, ШҲТ ҳам кучли бўлади.

- Пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан, “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этаман.

- ШҲТга аъзо давлатларнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида ҳамкорлик чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этаман.

- Пандемия шароитида соғлиқни сақлашга янги масофавий технологияларни жорий этиш зарурати ҳам ортаётгани сабабли Телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

- Бугун Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш бўйича тарихий имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

- Келгуси йили, Ташкилотимизнинг 20 йиллиги арафасида, “ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги роли” халқаро конференциясини ўтказиш таклифини илгари сурмоқчиман.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek