Сенат раиси ўзбек тилининг аҳволи ёмонлигини танқид қилди
Сенат раиси: «Тилимиз абгор ҳолатга тушиб қолганига ўзимиз айбдормиз»
Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев бугун бошланган Сенат ялпи мажлисининг 1-кунида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги аҳволи ёмонлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтибди.
Газета.уз мухбирининг хабар беришича, Сенат раиси «Давлат тили ҳақида»ги қонун ижроси «йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги» аниқланганини таъкидлабди.
«Энг афсусли жиҳат шундаки, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратмадик. Аксинча, қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилди, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмади», — деди у.
«Бу каби яна кўплаб камчиликлар ва ҳанузгача давом этаётган қонунбузарликлар, таъбир жоиз бўлса, қонуннинг эгасиз ва ожиз бўлиб қолгани оқибатида давлат тили нуфузи пасаймоқда.
Эътибор беринг: ўнлаб атамалар нафақат кундалик истеъмолда, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ҳеч бир изоҳсиз қўлланилмоқда. Турли йиллар мобайнида Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган 154 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган. Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 34 та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас», - деган Сенат раиси.
Шунингдек, Ниғматилла Йўлдашев ТВдаги кўрсатувларда бошловчилар турли шеваларда сўзлашини, номи инглизча-ю, ўзи гўёки ўзбекча кўрсатувлар тил қоидаларига мутлақо ётлигини ҳам танқид остига олган.
Хуллас, нима дейиш мумкин - Сенат раиси Ниғматилла Йўлдашевга ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман! Энди бу гаплар шунчаки Сенат биноси ичида қолиб кетмасдан, амалда юқорида саналган муаммоларга қарши чин дилдан ҳаракат қилинади деган умиддаман.
Ўзбек тилининг абгорлиги ҳақида жонкуяр ватандошларимиз жуда кўп танқидий чиқишлар қилишарди, ижтимоий тармоқларда кўп марта муҳокама бўларди. Лекин тайинли ўзгаришни сезмаганмиз шу пайтгача.
Айтганча, яқинда Адлия вазирлиги барча ташкилотларга ҳужжат лойиҳаларини ўзбек тилида муҳокамага қўйишни сўраб хат юборганди. Сенат раиси вазирликнинг шу ишларини ҳам мақтаб кетибди.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
