Равшан Муҳиддинов ва Адлия тизимидаги ислоҳотлар

Matn12-may, 2018, 08:473 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

@xushnudbek изоҳи:

Равшан Муҳиддиновнинг озодликка чиққанларига бир неча ой бўлиб қолди, даволанишда эдилар. Узоқ йил Жаслиқда жазо муддатини ўтаганлар.

Равшан акани талабалик даврларимдан хотирлайман, чунки бизнинг талабалик давримиз уларнинг Адлия вазири бўлиб турган пайтларига тўғри келган.

Ўзлари билан бирор марта суҳбатда бўлмаган, лекин менда камтар инсон сифатида таассурот уйғотганлар. Тушлик пайтларида Сайилгоҳ кўчаси бўйлаб тез-тез учратардим, пиёдалаб қаергадир кетаётган ёки келаётган бўларди. Доим оддий халқ вакили сифатида ўзларини тутардилар, юрардилар, уларни кўрган одам вазир деб ҳам ўйламасди.

Равшан Муҳиддинов Адлия тизимида бир қатор жиддий ислоҳотлар қилган инсон сифатида тарихга кирган. Масалан, 2010 йил 1 январдан бошлаб Lex.uz қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ишга тушган.

2011 йил 23 августда Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ПҚ-1602-сонли Президент қарори қабул қилинди ҳамда вазирликнинг янги Низоми тасдиқланди. Гарчи ўша пайтда Р.Муҳиддинов Давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтган бўлишларига қарамасдан, барибир бу ҳужжатлар устида ўзлари бош-қош бўлгани аниқ.

Лекин ҳаммасидан ҳам ўтиб тушган ислоҳот - 2011 йил 17 июндаги ПҚ-1555-сонли Президент қарорига асосан Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси тузилгани бўлган. Ушбу бошқарма илк марта прокуратура органларининг устидан ҳам назорат олиб бориш ваколатига эга бўлган. Шу пайтгача прокуратура органлари даҳлсиз бўлиб келган эди. 2011 йилда собиқ Бош прокурорнинг обрўси қай даражада эканлигини эслаб, бу ислоҳот қанчалик шов-шув бўлганини тасаввур қилаверинг энди. Бу шов-шувлар ортидан ташаббускор Равшан Муҳиддинов ва Бош прокурор ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқаганди.

Ҳаттоки ўша пайтларда худди Франция, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам прокуратура Адлия вазирлигига бўйсунадиган бўлар экан, деган миш-мишлар ҳам янграган эди!

Аслида бундай амалиёт Ўзбекистон учун ҳам бегона эмасди, 1936 йилгача прокуратура Адлия вазирлиги таркибига кирган. Ва бу лойиҳа мантиқан ҳам нотўғри эмас эди, яъни Конституциямиздаги давлат ҳокимиятчилиги назариясига кўра, бизда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бор. Лекин прокуратура ҳеч қайси ҳокимиятга кирмайди, ҳеч қайси ташкилотга бўйсунмайди, фақат Парламент олдида ҳисобот беради.

Хуллас, шунақа ислоҳотлар ортиданми ёки бошқа сабаблар бўлганми, менга қоронғу, 2012 йилда Равшан Муҳиддиновнинг қамалгани ҳақида эшитдик.

Ва улар бошлаган ислоҳотнинг умри ҳам қисқа бўлди. 2014 йил 24 июлдаги ПФ-4636-сонли Президент фармонига асосан, Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, прокуратура органлари таркибига (!) ўтказилган эди.

Ҳа, айтганча, шунчаки тасодифми билмадиму, 2011 йилда Адлияга прокуратурани назорат қилиш ҳуқуқи берилган ПҚ-1555-сонли Президент қарори Lex.uz сайтида мавжуд эмас экан, қидирувларда ҳам чиқмаяпти, Қонун ҳужжатлари тўпламида ҳам йўқ. "Таг-туги билан йўқот" дейилганмикин ўшанда... Қизиқ, шунчаки қизиқ.

Албатта юқоридаги барча фикрлар ўта шахсий эканлигини ва ғиж-ғиж хато бўлиши мумкинлигини эслатиб қўймоқчиман.

  • 👎 11
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek