Qurilish vazirligining tenderlarsiz shartnomalar haqidagi munosabatiga raddiya
Manba:davletovuz
Шунчаки саволлар
Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz сайтида жорий йил 25 ноябрь куни “Президент фармонига зид фармойишлар: Тошкентда бир неча юз млрд. сўмлик қурилишлар пудратчиларга нега тендерсиз берилган?” сарлавҳали материалига расмий муносабат билдирди.
Вазирликнинг айтишича, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 66- ва 67-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонлари, қарорлари ва фармойишларида ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар ягона етказиб берувчи бўлиши мумкин ва улар билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаш рухсат этилган.
Савол: ҳукуматнинг қайси қарор(лар)ида ушбу ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома имзолашга рухсат этилган? Қарорга ҳавола берилса — шунча гапга ҳожат қолмас эди.
Вазирликнинг айтишича, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари қонун ҳужжати, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжат турига кирмайди ва Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддасига асосан тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича қабул қилинади (100-200 млрд сўмлик давлат буюртмаларини тендерсиз хусусий компанияларга бериш жорий ёки тезкор масалами?). Айрим фармойишлар Lex.uz базасида эълон қилинган бўлиши мумкин, шу билан бирга фармойишлар қонун ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли, ушбу базада жойлаштирилиши юзасидан мажбурият қонунчиликда белгиланмаган. Қолаверса, мақсад ушбу шартномавий муносабатларни яшириш бўлган тақдирда, улар тўғрисидаги маълумот очиқ порталга қўйилмас эди.
Шунчаки фикр: Бу, яъни давлат харидлари порталига қўйиш вазирликнинг хоҳиши эмас, балки қонун ҳужжатларининг талаби — давлат буюртмалари давлат харидлари порталида эълон қилиниши керак. Қонун ҳужжатлари талаб қилмаганда, икки дунёда ҳам очиқланмас эди.
Вазирликнинг қайд қилишича, “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 4-бандида Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида пудратчи ташкилотларни танлаб олиш бўйича алоҳида қоидани белгилаш ҳуқуқи назарда тутилган.
Савол: юқоридаги буюртмаларни олган объектлар ва иншоотларнинг барчаси ушбу қарор билан тасдиқланган манзилли дастурлардан ўрин олган эдими? Сабабики, мазкур қарор иловалари lex.uz сайтида, афсуски, йўқ. Кўрсак, жамоатчилик кўрса — яхши бўлар эди.
Вазирликнинг маълум қилишича, асосий мақсад – ижтимоий аҳамиятга эга муҳим объектнинг ўз вақтида ва сифатли барпо этилишини таъминлаш. Қурилиш объектларининг лойиҳа ва смета ҳужжатларини тайёрлаш ва уларнинг ижроси устидан қаттиқ назорат ўрнатилган бўлиб, асоссиз маблағлар сарфланишига йўл қўйилмаслиги кафолатли таъминланади.
Шунчаки фикр: ҳеч кимнинг ушбу эзгу мақсадга қарши эмас. Лекин эзгу мақсад савол ва шубҳа туғдирмаслиги керак. Асосий савол шундаки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси номидан амалга оширилган давлат буюртмаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаганми? Вазирлик шу гапни айтиши керак.
P.S.: ва охиргиси, ҳурматли давлат идоралари, журналистларга нима қилиш, қандай ёзиш кераклигини ва умуман, ақл ўргатишни тўхтатсанглар. Ҳамма ўз иши қолиб, журналистга ақл ўргатадиган бўлиб кетди. Журналист қурувчига ақл ўргатмаяпти. Балки савол бераяпти, айрим фактларни шубҳага олаяпти. Саволга жавоб беринг, шубҳани факт билан ойдинлаштиринг. Энг яхши мулоқот — шу. Тўғри, журналистлар ҳам идеал эмас, лекин давлат идоралари ҳам бу борада қолишмайди. Ошиб тушса керак. Кейин гап барибир бюджет пули, халқ пули ҳақида кетаяпти. Салкам 1,5 трлн сўм. Иддао қилиш ноўрин.
Бу шунчаки савол ва фикрлар. Жавоб бериш шарт эмас.


