Жиззахдаги тендерлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

Жиззахдаги тендерлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги қурилиш объектларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ҳамда ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўрганди.

Ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маъмурий биносининг қурилиши юзасидан ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганида, харид комиссияси аъзолари зиммасига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажарилмаганлиги, танлов иштирокчилари ва комиссия аъзолари ўртасида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлигини била туриб, бунга қонуний муносабат билдирмагани ва ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланди.

Бироқ, танлов комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг (“Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, “Kamol” кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва “Abduvohid Qurilish Ta’mir” МЧЖлар) 100% улуши танлов комиссияси раиси (вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари) А.Р.нинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган.

Шунингдек, танлов ҳужжатларини ўрганиш давомида ғолиб деб топилган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси мансабдор шахслари танловда ноқонуний ғолибликни қўлга киритиш мақсадида корхона молиявий кўрсаткичлари, ишчи ходимларнинг қурилиш соҳасидаги маълумоти ва иш тажрибаси, шунингдек, танловда юқори балл олишда инобатга олинадиган маълумотларни қасддан ошириб кўрсатилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатларга ҳужжатларни кўриб чиққан харид комиссияси аъзолари қонуний муносабат билдириш ўрнига, йиғилиш баённомаларига сохта ёзув ва маълумотларни киритиш йўли билан қалбакилаштириб, корхонани асоссиз ғолиб деб топишгани маълум бўлган.

Юқоридагиларнинг натижасида, танловда ноқонуний ғолиб бўлган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 1 млрд.га яқин (905 млн. сўм, ёки объект умумий қийматининг 8%) қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.

Агентлик томонидан ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо берилиши учун Жиззах вилоят прокуратурасига юборилди.

Мазкур ҳужжатлар бўйича прокуратура томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш якунлари бўйича Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси А.Р.га, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳолат юзасидан келгусида қўшимча ахборот тақдим этилади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek