Қонликўлда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда
Йўқолсин, мажбурий меҳнат!
«Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидан мурожаат қиляпман. Туманимиз 2019 йил иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурига киритилган. Шу муносабат билан ўқитувчиларни, мактаб ёшлар етакчиларини ва барча бюджет ташкилот ходимларини туман ҳокими ва ўринбосарлари буйруғи билан, 3 ойдан ошди, туман марказидаги ободонлаштириш ишларига жалб қилиб келишмоқда.
31 июль куни Тошкентдан битта вазир келиши муносабати билан барча ташкилот ходимларини туман марказидаги янгидан қурилаётган намунали уйлар атрофига хўжакўрсинга ободонлаштириш ишларига жалб қилди. Бу ҳоким фақат ободонлаштиришни биладими? Президентимизнинг қарор ва фармонларини тушунмайдими ёки!?
Энди жуда зўр йўлини топишди, ҳар куни 3 мактабдан навбати билан ободонлаштиришга чиқаришяпти. Бечора эркак ўқитувчилар меҳнат таътилини ободонлаштириш билан ўтказмоқдалар. Бу мурожаатни минтруднинг ёки халқ таълимининг сайтига юборишга қўрқдим. Шахсим сир сақланмаса, эртага исбот талаб қилса, ишдан олишга ҳаракат қилишади деб».
Мактуб тугади.
Ижтимоий тармоқларда кўпчилик таъкидлаётган гап тўғри – тизимли ишлар қилинмаса, мажбурий меҳнатга қарши бирор катта натижага эришиб бўлмайди. Оқибатларга эмас, сабабларга қарши курашиш керак.
Қонликўлдаги ушбу вазият бўйича мутасаддиларнинг тезкор муносабатини кутиб қоламиз.
Туман раҳбарларининг жавобини эса тахминан биламан: Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевга ўхшаб, уялмасдан «исботиз борми?» деб тураверишади. Тағин мурожаатчиларни туҳматчига ҳам чиқаришса керак. Виждонсиз раҳбарлар ташаббуси билан олинган ўқитувчиларнинг «Биз ихтиёрий чиқяпмиз» деган сохта видеоларини ҳам кутиб қоламиз... Халқни аҳмоқ деб ўйлашса керак-да, ўзларича.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1



