Пешку тумани ҳокими ва мажбурий обуна атрофидаги баҳс
Пешку тумани ҳокими ташкилотларни обунага мажбурлаётгани ҳақида ёзганимга бир ойдан ошди. Шу орада нима натижа бўлди, билмадиму, лекин бугун ЎзА ва «Халқ сўзи» сайтида (Халқ сўзидан кейин ўчиришибди негадир) Умид Арслонбеков деган одамнинг муаллифлигида менга қарши бир мақола чиқди.
Интернет сайтларини, айниқса блогерларни ҳақорат қиладиган, уларнинг шаънини асоссиз булғашга ҳаракат қилинган, ҳатто оналаримиз эслаб ўтилган мақоланинг айрим жойларини эълон қиламан. Ҳозирча ҳеч қандай муносабат бермайман. Фикрларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин👇
«Пешку тумани ҳокими оғир «жиноят» устида қўлга тушди»
2018 йилнинг 20 ноябрида эндигина тетапоя бўлаётган блогерлардан бирининг “Пешку тумани ҳокими ташкилотларни айрим нашрларга мажбурий обуна бўлишга топшириқ беряпти” номли иддаоси эълон қилинди.
Ҳа, чиндан ҳам ёзишга мавзу тополмай қолган айрим сайтчилар-у блогерлар учун обуна мавзуси ўзини халқпарвар, адолатпарвар қилиб кўрсатиш учун зўр важ-карсонга айланди. Узоқ йиллар давомида бир қолипга солинган нашрларни қоралаш, йилт этган эркин фикр учун бошида калтак синган газета-журналлар жамоасини “халқ душманлари”га айлантиришга ҳисса қўшаётганлар бугунга келиб гўё миллий матбуотни “синдиришга” буюртма олгандек олди-орқаларига қарамаяптилар. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бундай ҳаракат замирида барчамизни интернетга тобе қилиш, муайян кўникмалар ҳосил қилинганидан кейин эса ўз йўриқларига солишга уриниш мақсади мужассамдек...
...Бухоро вилояти ҳокими 2019 йилнинг сайловлар йили эканини инобатга олиб, йирик ташкилотларда 2 донадан сиёсий партия нашрларига обуна бўлиш тўғрисида фармойиш чиқарган экан, эртага айнан ана шу газеталарда номзодлар ва уларнинг дастурлари эълон қилинишини назарда тутган бўлса, бундан фожиа ясашни мантиқан тўғри, деб бўладими?..
..Бугун “мажбурий обуна” ҳақида сафсатабозлик қилаётганлар онасининг қорнида ҳам йўқ пайтларда юқорида номлари тилга олинган устозларимиз миллий матбуотимизнинг нималарга қодир эканини амалда исботлаганлар...
...Бурнининг тагидан нарини кўрмайдиган айрим блогерлар эса интернет имкониятларига таяниб, бутун дунёга аюҳаннос солишга уриняпти. Ўзини халқпарвар қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан ҳаракат қиляпти. Мақсад аниқ – қандай йўл билан бўлса-да, ўзларининг обуначилари сонини ошириб, лайк йиғиш ва пул ишлашдан иборат. «Бузоқнинг югургани сомонхонагача» деган гап бор халқимизда. Саводи ҳаминқадар сайтлар, ўпкаси йўқ блогерлар даври эртами-индин ўтади. Аммо улар келтираётган зарарни қоплаш учун анча вақт сарфлашимизга тўғри келади, холос...
...Пешку тумани ҳокими ночор аҳволдаги туман газетасини қўллаб-қувватлаш ниятида 200 та обуна уюштириш тўғрисида фармойиш чиқарганини гўёки «жиноят»га тенглаштираётган «дўстларимиз» Бухоро вилоятининг чекка бир туманидаги ана шу нашрда бор йўғи биргина олий маълумотли журналист ишлашидан хабардормикин? 500 минг сўм атрофида ойлик олаётган 4 нафар техник ходим минг бир қийинчиликларга қарамай «Пешку овози»ни чиқармоқда. Туман ҳокими ушбу нашрга обуна уюштириш тўғрисидаги хатга имзо чекканида пешкулик ҳамкасбларимизни фақат шу йўл билан қўллаб-қувватлаш мумкинлигини билган, албатта. Шунинг учун ҳам ўпкаси йўқ блогерча танқид қилган ҳокимнинг отасига раҳмат, дейиш керак! Битта саводсиз сайтда билдирилган мулоҳаза, танқид ёки фикрдан чўчиб, ўз сўзидан қайтган айрим ҳокимлардан фарқли ўлароқ Пешку тумани ҳокими ўз газетасини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда...
...Тўғри, у бир масалада ҳақ. Пешку тумани ҳокимининг хатида «тавсия» сўзи ёзилмаган. Аммо бу билан мантиқ ўзгарадими?..
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
