Пешкў туман ҳокими мажбурий обуна бўйича кўрсатма берди
Manba:Xushnudbek.uz
Пешкў туман ҳокими ташкилотларни айрим нашрларга мажбурий обуна бўлишга топшириқ беряпти
Мажбурий обуна? Йўқ, йўқ, бунақасини эшитмаганман...
Бугун қўлимга Пешкў туман ҳокимининг "Пешкўпахтатозалаш" АЖ раисига ёзган хати келиб тушди. Унда туман ҳокими республика, вилоят ва туман нашрларига 2019 йил учун обуна мавсумини талаб даражасида ташкил этиш учун 20 ноябрга қадар рўйхатдаги газета ва журналларга обунани тўлиқ ташкил қилиш ҳақида кўрсатма берган.
Олдиндан айримлар учун айтиб қўйиш керакки, хатда ҳеч қандай "тавсия этилади" деган сўзлар ишлатилмаган. Боз устига хатнинг охирида "изоҳ" қисмида қуйидаги бебаҳо битиклар олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган:
«Юқоридаги нашрларнинг барчасига 12 ой муддатдан кам бўлмаган ҳолда обуна бўлиш шарт».
Демак, яққол кўриниб турибдики, гап мажбурий обуна ҳақида кетмоқда.
Мажбурий обуна буюрилган хатда қуйидаги нашрларнинг рўйхати ва обуна сони келтирилган:
Пешкў овози - 200
Бухоронома - 60
Маънавият сарчашмаси - 35
Қишлоқ ҳаёти - 20
Халқ сўзи - 15
Овози тожик - 5
Нурлы Жол - 5
Жамият - 5
Нуроний - 5
Бухоро ёшлари - 5
Ёшлар овози - 5
Молодьёж Узбекистана - 5
Бухарский вестник - 4
Бухоро мавжлари - 4
Иқтисодиёт газетаси - 4
Маҳалла - 3
XXI аср газетаси - 3
Правда востока - 2
Миллий тикланиш - 2
Ўзб. иқтисодиёт ахборотномаси - 1
Бундан кўринадики, Пешкў ҳокими "Пешкўпахтатозалаш" АЖга 20 та турдаги нашрга жами 388 дона обуна бўлишни талаб қилмоқда. Ундан ҳам қизиғи, обунанинг катта қисми республика даражасидаги нашрлар учун эмас, балки "Пешкў овози" туман газетасига 200 та, "Бухоронома" вилоят газетасига 60 та, интернетдан бирорта маълумот чиқмаган "Маънавият сарчашмаси" деган номаълум нашрга 35 та, жами 295 дона обуна мажбурий қилиб белгиланган.
Суриштирувни давом эттириб, бунча обуна тахминан қанчага тушишини ҳисоблаб кўрмоқчи бўлди. "Матбуот тарқатувчи" компаниясининг сайтидан обуна каталоги берилган экан. Лекин 2019 йил учун республика нашрларининг нархи бор, лекин Бухоро вилоятидаги маҳаллий нашрлар обунасининг нархи йўқлиги учун ўтган йилги нархларни олишга мажбур бўлдим.
Тахминий ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, Пешкў туман ҳокимининг топшириғи билан "Пешкўпахтатозалаш" АЖ жорий йилда 60 млн сўмдан ошиқроқ маблағни обунага сарфлашга мажбур экан.
Хатда яна бир муҳим жиҳат бор: Бухоро вилоят ҳокимининг 29 сентябрдаги 301-ф-сонли фармойиши ва туман ҳокимининг 2 октябрдаги 169-ф-сонли фармойишлари ушбу мажбурий обунага асос сифатида кўрсатилган. Демак, ушбу ҳолатнинг қонунийлигини ўрганадиган тегишли идоралар ҳокимларнинг албатта ушбу фармойишларини ҳам жиддий назоратга олишлари лозим. Чунки бундай хат биттагина ташкилотга юборилмаган, катта эҳтимол билан вилоят ва тумандаги барча ташкилотлар бу каби топшириқни олган.
Умид қиламанки, ушбу масала тез орада қонун доирасида кўриб чиқилади ва туман ҳокимининг фармойиши тугул, керак бўлса вилоят ҳокимининг фармойиши ҳам мажбурий обуна элементлари аниқланган тақдирда бекор қилинади.
ЭСЛАТМА: Биз мажбурий обунага қаршимиз, лекин бу зинҳор халқимизнинг китоб, газета ёки журнал ўқимасин, деб тарғиб қилаётганимизни англатмайди. Биз кўпроқ мутолаа тарафдоримиз, фақат ойликдан мажбурий ушлаб қолинадиган газеталар ҳисобига эмас.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
