Vazir buyrug‘i Vazirlar Mahkamasi qaroridan ustunmi
Вазир буйруғи Бош вазир қароридан устун(ми?)
Прописка ҳақида ёзганларим ёдингиздами? «Кўп ёздингку, қайси бирини айтяпсан», дейсизми? Сичқонларнинг никоҳ тўйи ҳақидагиси эмас, албатта. Ҳалигисичи, Вазирлар Маҳкамаси қарорига ўзгариш кирган бўлса ҳам “паспорт столдагилар” буни тан олмаслиги ҳақидагиси борку, ўшаниси.
Хуллас, постим охирида “бориб кўрингларчи, балки бу сафар унақа рад жавоби беришмас” дегандим. Йўқ, янглишган эканман. Қотиб қолган стереотипларни парчалаш мен ўйлаганчалик осон эмас экан.
Шу гаплардан сўнг, бир неча киши "вақтинчалик пропискасининг максимал муддат 6 ой эмас, энди 1 йилга узайтирилди", дея худди мен ёзгандай “ҳаққини талаб қилиб” кўришган экан, кутилганидек “биздаги инструкция ҳали ўзгармади” деган шаблон жавобни олишибди. Ва вақтинчалик пропискани 6 ойга “уриб беришибди”. Бунақа амалиёт Тошкентнинг бир нечта туманларида кузатилаётганлиги ҳақида маълумотларни юборишди.
Муштарийлар ижара шартномаларини сўраш ҳам давом этаётганлигини айтишмоқда.
Муаммо ўша-ўша: Ички ишлар вазирининг 2016 йил 16 майдаги 79-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқномага ҳалиям ўзгариш киритилмаган. Пастдаги ижрочилар эса одатда Вазирлар Маҳкамаси қарорини тан олмайди, улар вазир тасдиқлаган «инструкция» билан ишлайди, тамом-вассалом.
Бу масала ижобий ечим топиши, аниқроқ айтганда 2 ой олдин қабул қилинган Ҳукумат қарорларини “паспорт столдагилар” тан олиши учун яна қанча вақт керак, барака топгурлар? 3 ой ёки 5 ойми? Балки қуйи бўғинларга ҳам қарорлар етиб боришини 1 йил кутармиз? Билмадим, бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.
Ҳа, айтганча, шу мавзуни ўргана туриб, нотариуслар билан ҳам боғландим ва улардаги вазият билан қизиқдим. Чунки 2090-сон билан давлат рўйхатидан ўтган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ҳам ҳали ўзгариш киритилмаган ва унинг 50-12-бандида пропискаси йўқ шахслар ЭКИҲнинг 2500 баравари миқдоридаги уй сотиб олсагина олди-сотди шартномасини тасдиқлаш мумкинлиги ёзилган. Ваҳоланки, охирги ўзгаришларга кўра, бу талаб бекор бўлди, энди уйнинг нархи аҳамиятга эга эмас, янги уй бўлса бўлди.
Балки нотариуслар ҳам «ҳали инструкциямиз ўзгармади, 2500 минималкадан арзон уй бўлса мумкин эмас» дейишаётгандир, деб сўраб кўрдим. Йўқ, қувонарли томони нотариуслар аллақачон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ишлашни бошлаб юборишган экан. «Адлия вазирлигининг инструкцияси ҳали ўзгармади, қанақа қилиб нотариал ҳаракатни амалга оширяпсизлар» десам, «Ўзингиз ҳам ҳуқуқшуноссизку, Вазирлар Маҳкамаси қарори турганда қанақа қилиб фуқарога рад жавобини берамиз?» дея айтишди.
Бу гапни “паспорт столдагиларга” қандай тушунтирсак экан, шу ўйлантиряпти мени...
Товбааа, наҳотки Ҳукумат қарорларини инструкцияларсиз ҳам ижро этиш шууууунчалар қийин иш бўлса? Буларнинг ҳаммаси вазирликнинг биттагина топшириқ хати билан ҳал бўладиган масалаку. Эҳҳҳҳ...
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
