Тошкентда янги уй олганларнинг оилали фарзандлари пропискаси
Юқоридаги постни 1 ой олдин эълон қилган эдим. Очиқ гапни айтаман, ўшанда муштарий айтган муаммо шунчаки паспорт столдагиларнинг уқувсизлиги деб ўйлагандим ва кўп жиддий қабул қилмагандим. Энди эса бошқа бир муштарийдан олган мактубдан кейин, фикрим ўзгарди. Аввал хатни тўлиқ эълон қиламан:
Яшнобод туманидан янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирини отам ва онамнинг номига олдик, кейин ота-онамни 1-банд билан пропискага қўйдик, лекин оилали фарзандларини пропискага қўйишга рад этди. Нимага асосан рад этаётганини сўрасак 527-сонли қарорга асосан деди паспорт стол бошлиғи. Ўша 527-сонли қарорни lex.uz дан олиб кўрсатдик началъникга, У гапни роса олиб қочди ва бизда <<ИЧКИ НИЗОМ>> бор, новостройкадан сотиб олганлар оилали фарзандларини прописка қилишда чеклов бор деди. ИЧКИ НИЗОМНИ бизга кўрсатишни сўрасак, фуқарога кўрсатилмаслигини айтди.
Мурожаатимизга ёзма жавоб берилган, уни илова қилиб сизга жўнатяпман. (Биринчи файлда мухр йўқ нусхаси бу)
Сиз нима дейсиз, маслахат беринг
ЖАВОБ: Мен нима дейман? Деярли ҳеч нарса, шунчаки бу даражада қонунларга тупуриб қўйишга қандай ҳадди сиғишаётган экан, шунга ҳайронман холос.
Эътибор беринг, рад қилиш ҳақида 2 та жавоб хати бор. 1-сида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 413 ва 527-сонли қарорларига кўра, 1-банд билан пропискага кирганларнинг оиласи бор фарзандлари прописка қилинмайди, дейилган.
413-сонли қарор
527-сонли қарор
Мана, иккала қарорга ҳам ҳавола бердим, эринмасдан кириб, ўқиб кўринг, ўзи жуда қисқа қарорлар. Агар кимдир менга шу қарорларда тепадаги тақиқни топса, қойил қоламан.
Йўқ унақа тақиқ!!! Бу каби жавоб хатлари қонунларнинг устидан очиқчасига кулиш. «Қўлингдан келганини қил, бизнинг ўз қонунларимиз бор» дейиш.
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Паспорт столдагиларни айблашдан йироқман. Чунки калаванинг учи тўппа-тўғри Ички ишлар вазирлигига бориб тақалашини ушбу хатлардан кўриш мумкин. Унда айтиладики, 14.12.2017 йилдаги вазирликнинг 22/25297-сонли кўрсатмасида янги уй сотиб олганларнинг оиласи бор фарзандлари прописка қилинмаслиги айтилган экан. Анаааа. Балиқ бошидан деганлари шу бўлса керак.
Хўп, айтишингиз мумкин, балки ростдан ҳам қонунчиликда мумкинмасдир, кимсан Ички ишлар вазирлиги соҳага оид қарорларни билмаслиги кулгили-ку, дея. Унда келинг, биргаликда муҳокама қиламиз.
ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сонли қарорининг 7-1-бандини ўқиймиз:
«Рўйхатнинг 1 ва 8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг 2-банди асосида доимий прописка қилинадилар»
Энди эса 7-2-бандини ўқиймиз:
«Рўйхатнинг 5-банди асосида доимий прописка қилинадиган фуқароларнинг олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган фарзандлари (ўз оиласига эга бўлмаган) Рўйхатнинг 2-банди бўйича доимий прописка қилинадилар»
Хўш, соғлом ақл билан айтингчи, «ўз оиласига эга бўлмаган» деган талаб қайси бандга тааллуқли экан? 5-бандга!
1-банд билан кирганларнинг қариндошлари ҳақида гап кетганда «ўз оиласига эга бўлмаган» деган талаб қўйилганми? Йўқ! Йўқ! Ва яна йўқ!
Буни вазирликдагилар билмайди дейсизми? Жуда яхши билишади, чунки тизимда жуда кучли ҳуқуқшунослар ишлайди. Аммо шуниси алам қилади-да! Яъни била туриб, ўзини билмасликка олишлари. Билмасдан қилса, хатосини тезда тан олиши мумкин, лекин била туриб қилса, тан олдириб бўпсиз!
Нимага қонунларимиз бунчалар оёқости бўляпти?
Нимага уялмасдан, халққа бундай ноқонуний жавобларни беришмоқда?
Интернетда #суришкерак деган гапларни кўриб қолсак, уларни ватанпарвар эмасликда айблаймиз. Унда ватанпарварлар кимлар? Қонун ва ҳукумат қарорларини тан олмайдиганларми? Аслида бутун вужуди ва борлиғи билан халққа хизмат қилиши керак бўлган, лекин ноқонуний тақиқлари билан халқни қийнаётганларми? Шуми ватанпарварлик?!
Бўлди, тўхтадим.
P.S.: буни шундай қолдириб бўлмайди, албатта ўша муштарийга бу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиш учун бор кучим билан ёрдам бераман. Бундай қарорларга ана шундай курашиш керак. Агар буларга суд ҳам бас кела олмаса, унда фақат Худо бас келсин, бошқа илинж йўқ.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1

