Авторақам беришнинг янги механизми жорий этилиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталига автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги механизмини белгилаб берувчи ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/ru/document/3117).
Лойиҳага кўра, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва авторақам бериш хизмати тажриба тариқасида 2019 йил 1 майдан бошлаб, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.
Бунда, марказлар орқали қуйидаги тоифадаги автотранспорт воситалари рўйхатдан ўтказилиши режалаштирилмоқда:
– Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва хориждан келтирилган янги автомототранспорт воситалари;
– нотариал олди-сотди шартномаси асосида мулкдори ўзгарган иккиламчи автотранспорт воситалари.
Автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун фуқаролардан фақатгина паспорт ва мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳужжати (автосалонлардан бериладиган ҳисоб-маълумотнома, божхона декларацияси ёки олди-сотди шартномаларидан бири) тақдим этилади холос.
Хизмат кўрсатиш вақти – атиги 1 соат.
Агентликнинг таклифига кўра: эндиликда автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказишда автотранспорт воситаларини кўздан кечириш, техник кўрикдан ўтказиш ТАЛАБ ЭТИЛМАЙДИ.
Соддароқ ифодалайдиган бўлсак, фуқаролар автомашинасини рўйхатдан ўтказиш ва авторақам олиш учун Марказларга автотранспорт воситаси билан келиши ҳам шарт эмас.
АВТОРАҚАМЛАР – КОРРУПЦИЯСИЗ!
Эндиликда авторақамлар коррупциянинг олдини олиш мақсадида махсус электрон тизим орқали инсон омилининг аралашувисиз тўлиқ автоматик тарзда танлаш орқали тақдим этилади.
Ҳар бир рўйхатдан ўтказилган рақамлар Марказ биносидаги йирик интерактив экранда очиқ кўринишда акс эттирилади ва реал вақт режимида янгиланиб борилади.
Худди шунингдек, аукцион орқали бериладиган авторақамлар тоифасига кирмайдиган айрим харидоргир рақамларни (жумладан, “кўзгу” шаклидаги, масалан 212, 343, 717 ваҳоказо) орттирилган ставкада тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Яъни, фуқаро харидоргир рақам учун ЭКИҲ 1 баравари миқдоридаги қўшимча тўлов амалга оширса, унга 1Х1 – 9Х9 тоифадаги кўзгусимон рақамлардан (жами 72 та) бири инсон омилининг аралашувисиз электрон тизим орқали танлаб берилади.
Лойиҳа 28 апрелгача муҳокама қилинади, ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин.
Манба: @davxizmat
👉 @xushnudbek 👈

