Депутат Акмал Умирзаков прописка чекловлари ҳақида

Matn3-dekabr, 2018, 14:123 daqiqa0 koʻrish

​​Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзаков ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида прописка бўйича пост қолдирибди. Мазмунан олганда бу пост менинг мақоламга жавоб эканлигини англаш қийин эмас. Ушбу постни таҳрирламасдан ҳукмингизга ҳавола қиламан:

«ИМҲО...

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир, деб белгиланган.

Нима учун, бир жойдан иккинчи жойга кўчишга қонунда белгиланган тартибда чеклашлар киритилиши мумкин? Бунинг асосий сабаби Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош Ассамблеянинг 1966 йил 16 декабрдаги 2200 А (XXI)-сонли резолюцияси билан қабул қилинган ва 1976 йил 23 мартда кучга кирган ФУҚАРОЛИК ВА СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТга 1995 йил 28 сентябрда қўшилганидир. Ушбу пактнинг 12 моддаси мувофиқ :
«1. Бирор-бир давлат ҳудудида қонуний равишда турган ҳар бир киши ушбу ҳудуд доирасида эркин кўчиб юриш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир киши ҳар қандай мамлакатни, жумладан ўз мамлакатини тарк этиш ҳуқуқига эга.
3. Юқорида қайд этилган ҳуқуқлар ҳеч қандай чеклаш объекти бўлиши мумкин эмас, қонунда назарда тутилган давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган ва ушбу Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқларга мос келадиган чеклашлар бундан мустасно.»

Демак, халқаро ҳуқуқ ва конституциямиз, шу асосда қабул қилинган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 37-сон, 375-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига инсон ҳуқуқлари бузулиши сифатида қараш, бизнинг назаримизда мутлақо хато ёндошувдир.

Қолаверса, урбанизация жараёни жадал кечган ривожланаётган давлатлар тажрибасидан ҳам маълумки, агар давлат яшаш шарт-шароитлари қолган худудларга нисбатан бир оз яхши бўлган йирик шаҳарларда рўйхатдан ўтиш бўйича самарали қатъий назорат ўрнатмаса, турли хил сабабларга кўра криминоген вазият салбий томонга ўзгаради. Ҳаттоки ўзига хос, «Дунёнинг жиноятчилик авжига чиққан шаҳарлари» рейтинги мавжуд. Ушбу рейтингда биз учун бориб кўриш орзу бўлган Франция пойтахти Париж ҳам бор.

Буни ҳаттоки, Парижда бўлган япон туристлари «Париж синдроми ёки Париж ҳайрати (шоки)», деб аташади. Шунинг учун, айрим тадбиркорларнинг ўқувсизлиги туфайли махсулот ёрлиғида «Тошкент Республикаси», деб ёзилганини ҳақиқат сифатида қабул қилиш бир саводсизнинг ёзувини «кўр кўрона» қабул қилишдир.

Республикамизда куни кеча Самарқанддаги форумлар саройида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилганлиги эса ҳақиқатдан ҳам оламшумул воқеа.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сонли «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ ДОИМИЙ ВА ВАҚТИНЧА ПРОПИСКА ҚИЛИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА» 2018 ЙИЛ 28 АВГУСТДАГИ ПҚ-3924-СОН ҚАРОРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ҲАҚИДА»ги Қарори пойтахтда ўй-жой сотиб оламан, деган қонунга итоаткор ва пойтахтда йиллар мобайнида ижарада сарсон бўлган оилаларга берилган имкониятдир.

Мусулмончилик - аста -секинлик!

PS: Дунё пойтахтлари ёки йирик шаҳарлардаги миграцияга оид чекловларга оид хорижий ва халқаро тажрибани алоҳида мақола сифатида чоп этаман».

Пост тугади.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek