Учта туман пахта режасини бажарди
Manba:Daryo — LIVE
Учта туман пахта режасини бажарди. Сектор раҳбарлари 20 млн сўмдан мукофотланди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, президент админстрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев раислигида 2018 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш бўйича навбатдаги селектор йиғилиши ўтказилди.
Селектор давомида республикада давлатга пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарган илк туманлар номи эълон қилинган. Маълум бўлишича, 21 октябрь ҳолатига келиб, республика бўйича 3та туман режани бажарган.
Маррага биринчи бўлиб, Наманган вилояти Чуст тумани етиб келган. Шунингдек, Фарғона вилоятининг Риштон ҳамда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманлари пахта режасини тўлдирган.
Ўзбекистон бош вазири бу туманларда секторлар раҳбарлари (туман ҳокими, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи ва туман ДСИ бошлиғи) 20 миллион сўмдан пул мукофотлари билан рағбатлантирилишини маълум қилган.
«Кун.уз»нинг ёзишича, пахта режасини биринчилардан бўлиб бажарган 10 туман ичида бўладиган кейинги 7 туман раҳбарларига ҳам 20 миллион сўмдан мукофот пули ваъда қилинган. Кейинги ўнталикда бўладиган туман раҳбарлари эса 15 миллион сўмдан, ўттизталик ичида бўладиган охирги 10 туман раҳбарлари эса 10 миллион сўмдан мукофот пули олишади.
