Ўзбекистонда 528 минг бола Pfizer билан эмланди
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlangan❗️528 минг нафар бола Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий эмланди. Хоразмга раҳмат, Тошкент ва Бухорога уят
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 декабрь ҳолатида 528 минг 212 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланганини маълум қилди.
💉Хусусан, болаларни коронавирусга қарши эмлаш жараёнида энг пешқадам вилоятлар сафида Фарғона (104 166 доза), Самарқанд (89 925 доза) ва Андижон (60 002 доза) етакчилик қилмоқда.
Ёдингизда бўлса, аввалги шу мавзудаги постимда Хоразм вилоятида бирорта ҳам бола эмланмаганини айтиб, наҳотки хоразмлик ота-оналарга ўз фарзандларининг ҳаёти ва соғлиғи шунчалар кераксиз бўлса, дея савол қўйгандик. Шу постимиздан кейин ўтган 1 ярим ой ичида Хоразмда 25 минг нафардан ортиқ болалар ихтиёрий равишда Pfizer вакцинаси билан эмланибди ва бу кўрсаткич билан 7 та ҳудудни ортда қолдирган. Қойил! Хоразмлик ота-оналарга ҳам, вилоят соғлиқни сақлаш тизими вакилларига ҳам катта раҳмат!
Энди диққатимизни яна бошқа 2 та ҳудудга қаратмоқчимиз. Тошкент шаҳри ҳамда Бухоро вилоятларидаги кўрсаткич ҳам ўта шармандали ва ҳайратланарли. Ушбу 2 та ҳудуддаги кўрсаткич қолганларга қараганда яққол камлиги билан ажралиб туради. Ҳатто 4 мингга ҳам етмаган. Ундан кейинги энг паст кўрсаткич Жиззахда — 15 минг нафар. Қолган барча ҳудудлар 20 мингдан ошган. Фарқни кўряпсизми?!
Нима учун Тошкент ва Бухорода болаларнинг вакцина олиши бу даражада суст кетяпти? Яна ўша савол: наҳотки ушбу ҳудудлардаги ота-оналар ўз фарзандлари соғлиғига шунчалар бефарқ бўлса? Ишонгим келмайди.
Менимча, гап яна ўша суст тарғибот ва ишни тўғри ташкил қила олмаганликка бориб тақалса керак. Тошкент шаҳри ва Бухоро вилояти ҳокимлари, ҳудудларнинг соғлиқни сақлаш тизими раҳбарияти бу борада мутлақо бош қотирмаганлигини рақамларнинг ўзи айтиб турибди. Ахир гап болалар ҳаёти ва соғлиғи ҳақида кетмоқда-ку!
Айниқса, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи бир пайтнинг ўзида вазир ўринбосари ҳисобланади. Зам министр бўлиб, коттакондай юриш яхши, лекин юқоридаги каби ишларни ташкил қилишни билиш ҳам керак.
Бир ёқда бутун бошли мамлакат пойтахтида атиги 3 минг 600 нафар бола вакцина олгани, бошқа ёқда Фарғона вилоятининг ўзида 104 минг бола эмлангани, Тошкент шаҳри масъуллари учун нақадар уят ва шармандалик эканлигини кўрсатиб турибди.
Умид қиламизки, бу борада масъуллар ҳам, ота-оналар ҳам масъулиятни ҳис қилиб, ҳозирги мураккаб шароитда болаларни ихтиёрий эмлаш ишларида фаол бўлишади.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 5



