Ўзбекистонда 176 минг бола Pfizer вакцинаси билан эмланди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0

​176 минг нафардан ортиқ бола Pfizer/BioNTech вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди. Хоразм статистикаси ҳайратланарли

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 ёшдан катта болаларни ҳам Pfizer вакцинаси билан эмлашни тавсия қилган ва дунёнинг кўплаб давлатларида бу амалиёт муваффақиятли олиб борилмоқда. Ўзбекистонга ҳам Pfizer вакцинаси олиб келингач, 28 сентябрдан бошлаб ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида болалар ихтиёрий равишда эмланмоқда.

❗️27 октябрь ҳолатига кўра, юртимизда 176 минг 791 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган.

Энг юқори кўрсаткич водий (Фарғона, Наманган, Андижон) вилоятларида.

Аммо ўта ажабланарлиси, Хоразм вилоятида бирорта бола Pfizer вакцинаси билан эмланмаган. Хоразм рўпарасида НОЛЬ рақами турибди.

Қизиқ, нега бундай? Хоразмлик ота-оналарга ўз фарзандларининг ҳаёти ва соғлиғи шунчалик кераксизми? Ёки коронавирус Хоразмга етиб бормаганми? Наҳотки Хоразмда ақалли бирор киши фарзанди ҳақида қайғурмаса?

Бунда тарғиботнинг сустлиги ҳам катта сабаблардан бири, деб ўйлайман. Мутасаддилар аҳолига бунинг фойдасини тўғри тушунтириб бера олишмаган. Хуллас, Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 2 баҳо!

Яна бошқа бир томони одамларимиз ҳам қизиқ-да. Ўзидан мега ақлли вирусолог ясаволиб, дастлаб вакцина ёмон экан, олса унақа бўларкан, бунақа бўларкан, деб сафсата гапларни гапиришди. Кейин Хитой вакцинасига ишонч йўқ, вой-дод, бизга бу вакцина керакмас, деб интернетда чиқишлар қилишди. Энди мана Американинг бутун дунё тан олган вакцинасини олиб келса ҳам, яна юзлаб баҳоналар ўйлаб топишмоқда.

Худо хайрингизни берсин, сал кенгроқ фикрлайлик, илтимос. Мана, Россияга ўхшаган давлатларда вакциналаш аҳволи расволиги, поликлиникаларда пул эвазига "вакцина олди" деган сохта ҳужжатлар олиш кўпайиб кетгани учун яна қайта локдаунга тушмоқда, ҳар куни минглаб инсонлар ҳалок бўлмоқда. Қайси давлатда вакциналаш фоизи юқори бўлса, ўша ерда аҳвол стабиллашяпти. Сал кўзимизни очайлик ахир. Жоҳиллик қиладиган пайтмас-ку ҳозир.

Албатта вакцина олинг, ҳозир танлов имконияти кўп. Телеграмдаги кимлиги номаълум одамларнинг аҳмоқона гап-сўзларига эмас, дунё олимларининг маслаҳатларига қулоқ тутинг. Сизнинг вакцина олишингиз нафақат ўзингиз, балки жамият ва атрофдагилар учун ҳам фойда. Шуни унутманг.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek