Отабек Умаров тонировка масаласида ўз фикрини билдирди
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganДод-войларимиз самарасиз кетмабди, шекилли
Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви, Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари Отабек Умаров “тонировка” масаласида Инстаграмда ўз фикри билан ўртоқлашди:
«Менга «Инстаграм»даги саҳифам орқали баҳсли мавзу — “тонировка” борасида жуда кўп мурожаат келиб тушмоқда. Шу сабабли ва бу актуал мавзунинг қисман хавфсизлик масаласи билан боғлиқлиги учун ўз фикримни билдиришга қарор қилдим. Фикримча, “тонировка” мавзуси Ўзбекистон шароитида долзарб ва ўринли кўтарилган. Чунки юртимизда иқлим шароити ёз ойлари, айниқса, чилла пайти жуда оғир бўлади.
Масаланинг муҳим эканлигини ҳамда Интернет тармоқлари орқали жамоатчилик, блогерлар ва депутатлар мурожаатларини инобатга олиб, биз мутасадди давлат идораларига бу масалани амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердик. Ҳозирда “тонировка” мавзуси бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни алоҳида айтмоқчиманки, бизда ушбу йўналишда ҳамма зарур чоралар ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланган. Автоулов “тонировка”си хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди».
Пост тугади.
Ва ниҳоят оҳларимиз Худога ҳамда раҳбарларга етиб борибди, шекилли, биз боғланган манбалар ҳам тонировка масаласида тез орада яхши янгиликлар бўлишини айтишмоқда.
Эслатиб ўтаман, ўтган сафар Саида Мирзиёева мактабларда мажбурий форма жорий қилишга ҳали эрталиги ҳақида фикр билдиргач, бироз ўтиб Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мактабларда мажбурий форма жорий этиш муддати 5 йилга кечиктирилган ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб амалга киритилиши белгиланган эди.
Ёруғ кунларга оз қолди, деган ибора бор. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳурматли ҳайдовчилар, қоронғу машиналарга оз қолди, насиб қилса 😃
👉 @xushnudbek 👈


