Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи ва қўлланиши
Manba:Xushnudbek.uz
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фарқ бўлса, қайси бири қўлланади?
Кечаги пенсия ҳақида ёзган постимдан сўнг, кўплаб саволлар келиб тушганини ҳисобга олиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида қисқа маълумот бермоқчиман. Билиб қўйишингиз керак бўлган оддий қоидалар мавжуд.
Қуйидаги ёзадиганларимизнинг барчаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга асосланган.
Энг аввало бизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қандай турлари мавжудлигини кўриб чиқамиз. Булар қуйидагилар:
1) Конституция;
2) Қонунлар;
3) Олий Мажлис палаталарининг қарорлари;
4) Президент фармонлари ва қарорлари;
5) Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
6) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;
7) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Кўпчилик Президент ва Вазирлар Маҳкамаси фармойишларини ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб адаштиради, лекин аслида бундай эмас.
Юқоридаги ҳужжатларнинг юридик кучи ҳам айни шу тартибда белгиланади. Яъни Конституция ҳаммасидан устун туради. Юридик кучи жиҳатдан кейинги ўринда қонунлар туради. Олий Мажлис палаталарининг қарорлари ҳатто Президент фармон ва қарорларидан ҳам устун туради. Вазирликларнинг қарорлари ҳокимларнинг қарорларидан устун туради ва ҳ.к
Айтайлик, 2 та ҳужжатда тафовут мавжуд бўлса, яъни бир-бирига зид қоидалар келиб қолса, унда қайси бирига амал қилинади, деган савол туғилиши табиий.
Бунда энг биринчи юқоридаги рўйхатга қаралади – қайси ҳужжатнинг юридик кучи каттароқ бўлса, шу амал қилади. Масалан, Қонун ва Президент қарорида тафовут мавжуд бўлса, унда Қонун устунроқ бўлади ва қонундаги қоида қўлланади. Президент Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорида тафовут бўлса, Президент Фармони қўллинишини билиб олдингиз, деб ўйлайман.
Агар бир-бирига тенг кучли 2 та ҳужжатда фарқ бўлсачи, унда нима бўлади? Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарорида тафовут бор дейлик. Бундай ҳолда қайси қарор кейинроқ қабул қилинган бўлса, ўшандаги қоидаларга амал қилинади. Айтайлик, битта қарор 2008 йил, кейингиси 2016 йил қабул қилинган бўлса, демак, 2016 йилдаги қарор устунроқ бўлади.
Ва учинчи қоида ҳам бор. Бу вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳужжатларига тегишли қоида. Муайян соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколатли ташкилотнинг ҳужжати бир хил даражадаги ташкилотларнинг ҳужжатларидан устунроқ туради, олдин ёки кейин қабул қилинганидан қатъи назар. Масалан, Солиқ қўмитасининг солиққа оид бирор ҳужжати билан Қурилиш вазирлигининг ҳужжатида фарқ юзага келса, унда Солиқ қўмитасининг ҳужжати қўлланади.
Хуллас, шунақа гаплар.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
- 👍 1

