Иван Голунов озод қилинди: жамоатчилик назоратининг кучи
«Россиянинг илғор фикрловчи жамоатчилиги фаоллиги (кўпроқ — журъати, жасорати) сабаб бир журналист асоссиз айбловдан, ноҳақ жазодан қутқарилди — Иван Голунов уй қамоғидан озод қилиниши (у уч кун аввал уй қамоғига ҳукм қилинган эди), ундан барча айбловлар олиб ташланиши эълон қилинди (уни наркотиклар савдосида айблашаётганди, полиция: «Биз уни уч ойдан бери кузатаётгандик», деганди).
Бу воқеани бошидан (у 6 июнь куни қўлга олинган, бу ҳақда 7 июнда маълум бўлган) охиригача (бугун) кузатиб чиқинг, вақт бўлганида. Ҳавасинг ҳам келади — юзлаб, минглаб одамларнинг бир одам ҳимоясига бундай шайланишини кўриб; бир-бирига рақобатчи газеталар бир одам ҳимояси учун тарихда илк бор бир кунда бир хил муқова билан чиқишини кўриб. Қадрли, лекин давлат қадрламаган, ҳатто эзғиламоқчи бўлган одам жамият томонидан барибир қадрланишини кўриб. Кейин ичингдан бир қиринди ўтади...
Шу вақтгача Голуновнинг суриштирувларини ўқимаган эканман (ўқиган бўлсам-да, муаллифига эътибор бермаган-ов). Кеча Россия маданият вазири Мединский қандай қилиб дўст-у биродарларини маданият соҳасидаги кўпдан-кўп ташкилотларга раҳбар қилиб қўйгани, қандай қилиб давлат пулини еб ташлаётгани ҳақида суриштирувини ўқиб чиқдим. Даҳшатли суриштирув. Қолганлари ҳам шунақа бўлса керак. Бунақа суриштирувларни кўрган ҳар қандай жиноятчи амалдор Голуновни қамагиси, иложи бўлса... йўқ қилгиси келиши табиий.
Голунов учун хурсанд бўлса арзийди, Россияга эса ҳатто ҳавас қилса бўлади бугун — виждонли бир ватандоши ҳимояси учун қўрқмай майдонга чиқа оладиган, шу билан ҳокимият эгаларини тартибга чақириб қўядиган фарзандлари ҳали бор экан бу мамлакатнинг. Ёдингизда бўлсин, Голунов ҳимоясини Трамп маъмурияти, «украиналик миллатчилар» ёки «Озодлик» уюштиргани йўқ. Ҳаммасини Чўлпоннинг машҳур шеъридаги халқ қилди. Қойилман».
Пост тугади.
P.S.: Мен ҳам қойилман. «Жамоатчилик назорати ҳамда ОАВнинг кучи» деган мавзу бўйича дарсликларга киритса бўладиган воқеа бўлди лекин. Ҳавас қилса арзийди. @meduzalive каналида воқеанинг деярли барча тафсилотлари билан танишишингиз мумкин. Россиялик журналистлар ғалабадан сармаст. Улар бунга ҳақли.
👉 @xushnudbek 👈

