Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раислигидан кетди
Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раислигидан кетди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев телевидение орқали яна бир бор халққа мурожаат қилди ва Нурсултон Назарбоев Қозоғистон хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетганини эълон қилди. Энди Хавфсизлик кенгашига Тоқаевнинг ўзи раҳбарлик қилади.
Шунингдек, пойтахт Нур-Султон шаҳрида ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Айрим жойларда намойишлар аллақачон оммавий тартиббузарликка айланиб кетди. Қаернидир ёқишган, қаернидир бузишган, қаергадир босқинчиликка киришган. Масалан, Олма-отада намойишчилар ўт ўчирувчи машина ҳамда тинч аҳоли автомобилларини ёқиб юборишган, банкка бостириб кириб, банкоматдан пул ўғирлашган. "Мир" телеканалига бостириб кириб, техника воситаларига шикаст етказишган, телеканал ходимлари эвакуация қилинган.
Олма-ота аэропорти ҳам намойишчилар томонидан эгаллаб олинган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда отишмалар натижасида полициянинг ҳалок бўлаётгани, оммавий калтакланаётгани, йўлларда светофорларнинг ёқиб юборилаётганини кўриш мумкин.
Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам ўз мурожаатида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орасида ҳалок бўлган ходимлар борлигини таъкидлади ва оила аъзоларига ҳамдардлик тилади. У яна бир бор одамлардан қонунларга бўйсунишни, тартибсизликларни бошламасликни, акс ҳолда Президент сифатида мамлакат тинчлиги ва ҳудудий яхлитлиги учун қатъий чоралар кўришини таъкидлади.
Маълумотларга қараганда, ҳозиргача 500 нафардан зиёд инсонлар жароҳатланган, 100 дан ортиқ дўконлар, 200 га яқин умумий овқатланиш пунктлари, 120 дан ортиқ офисларга босқинчилик уюштирилган, 100 дан ортиқ машиналар ёқиб юборилган. Айрим дўконлар ўз эшикларига катта қилиб илтимоснома ҳам ёзиб қўйишмоқда: «Биз ҳам халқ вакилимиз, халқ билан биргамиз, фақат илтимос, ўғирлик қилманглар» деб.
Умуман олганда тинч намойиш мақомидан босқинчиликка айланган тартибсизликларнинг товонини охир-оқибат яна ўша оддий халқ тўлайди. Барча вайроналар халқ тўлаган солиқлар ҳисобидан тикланади. Ёки босқинчилик ва талончиликдан энг кўп жабрни ҳам хусусий бизнес, тинч аҳоли тортади. Энг катта амалдорлар ёки олигархлар имкон бўлиши билан мамлакатдан чиқиб кетишади. Худди Назарбоевнинг қизи, куёви, оила аъзолари, шунингдек бир нечта қозоқ бойлари кун давомида шахсий самолётларида учиб кетишганидек.
Президент Тоқаев тез орада мамлакатни трансформация қилиш бўйича янги таклифлар пакетини эълон қилишга ваъда берди. Демак, вазият тинчлик сари ўзгаришига ҳали имконият бор.
Яна бир бор умид қиламизки, қардош қозоқ халқи ўз хоҳиш ва иродаси сари тинчлик йўли билан қадам ташлайди, кўчалардаги оммавий тартибсизлик, зўравонлик, босқинчиликлар ва энг асосийси ўлим ҳолатларига чек қўйилади. Бундан фақат ва фақат қозоқ халқининг ўзи ютқазиши мумкин. Майли, ишқилиб охири бахайр бўлсин.
- 👍 2300

