Намунавий уйлар қурилишидаги муаммолар ва коррупция
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa1tahrirlanganМени бир савол қийнайди...
Қуйидаги суратда намунавий уйлар акс этган. Ўз номи билан намуна бўлиши керак бўлган, ўзбеклар фаровон ҳаёт кечириши мақсад қилинган уйлар.
Аммо бу уйлар амалда фақат абгорликка намуна бўла оляпти холос. Туяни шамол учирса, намунавий уйлар томини осмонда кўр.
Биз ҳам намунавий уйларда турамиз. Ваъдабоз "инжиниринг"дагилару, қароқчи қурувчилар ортидан тилимиз осилиб югурганимиз ҳалиям эсимда. Айтилган вақтда топширилмай, салкам 2 йилга кечиккани учун иссиқ жойимизни совутиб, ижараларда яшаганимизни ҳам эслайман. Ҳатто пудратчини қидириб, Андижонларга бориб, уйини роса ахтарганларимни ҳам эслайман.
Майли, халқ шунча ўғриликларга чидаган, бунисига ҳам чидаяпти. Бошпанаси борлигига шукр қилиб, уйи тўкилиб кетса ҳам индамайди.
Аммо мени 7 йилдан буён ўйлантириб келадиган биттагина савол бор. Атиги биттагина. Намунавий уйлар қурилишидаги шунча ўғрилик, шунча талон-торож, шунча бошбошдоқликлар бўлганини ҳамма кўриб, билиб турса ҳам, лекин ҳалигача «Қишлоқ қурилиш инвест» деган ташкилотга ва унинг амалдорларига гард ҳам юқмайди. Янги даврда биринчилардан бўлиб ўша ташкилот қаттиқ тафтиш қилинишини, коррупцион элементлар тит-пити чиқарилиб текширилишини, айбдорлар жазоланишини, худди бошқа кўплаб ташкилотларда бўлгани каби бу идора ҳам тўлиқ “тозаланиши”ни роса кутгандим. Лекин ҳеч нарса бўлмади, шекилли.
Шунча халқни сарсон қилиб, уларга сифатсиз уйлар қурилишининг бошида турган “Қишлоқ қурилиш инвест” наҳотки дахлсиз ташкилот бўлса?
Мени фақат шу биргина савол қийнайди холос...
P.S.: фотосурат Президент матбуот хизмати сайтидан олинди
👉 @xushnudbek 👈



