Бекобод тумани халқ таълими бўлими мудири ишдан олинди
Мажбурий обунага йўл қўйгани учун Бекобод тумани халқ таълими бўлими мудири ишдан олинди
Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров даврий нашрларга мажбурий обуна тўғрисида берган кўрсатмаси учун ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақида Халқ таълим вазирлиги хабар бермоқда.
2018 йил 1 ноябрь куни бир неча интернет ОАВ нашрлари Бекободда ўқитувчилар 2019 йил учун обунага мажбурланаётганлиги ҳақида мақолалар чоп этган эдилар. Халқ таълими вазирлиги мутахассислари ушбу маълумотларни жойига чиқиб ўргандилар.
Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сонли Қарорининг 5-бандида қишлоқларда жойлашган умумтаълим мактабларини ўнтагача газета ва журналларга маҳаллий бюджет ҳисобидан обуна қилиш белгиланган.
Ушбу қарор талабидан келиб чиқиб, Бекобод тумани халқ таълими бўлимига “Тошкент ҳақиқати”, “Халқ сўзи”, “Бекобод овози”, “Маърифат” газеталарига обуна бўлишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилган.
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров томонидан ўзбошимчалик билан 2018 йил 30 октябрда имзоланган 01-650/18-сонли хатида тумандаги жами 57 та умумий ўрта таълим мактаблари директорларига бир неча газета ва журналларга обуна бўлиш вазифаси юклатилган.
Таъкидлаш лозимки, 2018 йил 14 августдаги Президент қарорининг 16-бандида халқ таълими ходимларининг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқланган.
Кўрилган чоралар натижасида тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи хатида кўрсатилган нашрларга мажбурий обуна бўлишмаган.
Ўрганиш натижасида Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров лавозимидан озод этилди ва унинг мажбурий обуна тўғрисидаги кўрсатмаси бекор қилинди.
Шу билан бирга мажбурий обунани олдини олиш бўйича керакли чоралар кўрмаганлиги ва тўлиқ назоратга олмаганлиги учун Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Шукур Бурҳоновга интизомий чора кўрилди.
Ушбу ҳолат юзасидан барча халқ таълими ҳудудий бошқармаларига яна бир бор мажбурий обунани олдини олиш бўйича қатъий топшириқ берилди.
Эслатиб ўтамиз, бир гуруҳ журналистлар Бекобод ўқитувчиларини мажбурий обуна балосидан қутқармоқчи бўлганда, бекободлик бир гуруҳ ўқитувчилар бу журналистларни «зиёлиларни маърифатдан айирувчилар» деб атаб, алламбало раддия эълон қилган эди. Ва ўша Хасан Соибназаровнинг хатини "мажбурлаш эмас, тавсия этиш" дея оқлашга уринишганди. Ўз ҳуқуқи учун ўзи курашмайдиганлар...
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
