Абитуриентлар сони камайишининг сабаблари таҳлили
Кеча каналимда ёзган постимдан кейин ДТМ сайти ўз хабарини таҳрирлабди. Хабардаги "1-15 июль" сўзлари "15 июнь-15 июль" дея ўзгартирилди (аслида қабул 16 июндан бошлангандию, ҳа, майли, буёғига кўз юмамиз).
Демак, энди айрим масалаларда бемалол узил-кесил хулоса қилсак бўлади.
Жорий йилда жами 675 минг 49 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу ўтган йилгига қараганда 54 мингга кам дегани. Қизиқ, ҳар йили ҳужжат топширганлар сони бир неча 10 мингтага кўпаяр эди, жорий йилда эса аксинча камайди. Бунга нима сабаб бўлиши мумкин?
ЎзАга берган интервьюсида ДТМ ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев ҳужжатлар камайишини кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши билан изоҳлаган. Ҳа, ростдан ҳам сиртқи ва кечки таълимларнинг очилиши ҳужжатлар сони камайишига яхшигина таъсир кўрсатган, чунки айрим абитуриентлар сиртқи ва кечки таълимда ўқишни маъқул кўришаётгани сир эмас.
Аммо менимча фақат шу биргина сабаб ҳужжатлар камлигини келтириб чиқармаган. Бунда бу йилги тест ўтказиш тизимининг ўзгаргани ҳам таъсир қилгани аниқ. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Аввалги тест ўтказиш тартибида шу даражада "форточкалар" кўп эдики, ундан максимал даражада фойдаланишган. Бунда "пустой" лақабли абитуриентлар тоифаси ҳам машҳур эди. Уларнинг асл мақсади ўқишга кириш эмас, балки мўмайгина ҳақ эвазига аудиторияни тўлдириб туриш, саволлар китобини вақтлироқ йиртиб олиб чиқиш ва бошқа кўплаб функцияларни бажаришган.
Ўзи хон кўланкаси майдон бўлган ОТМларнинг қабул комиссиясига бир нечта Дамас ва ҳатто автобусларда юзлаб "пустой"лар ташилган, улар 10 йиллардан буён ҳужжат топширувчи "умрбоқий абитуриент"лар эди. Тасаввур ҳосил қилиш учун мана бу мақолани ўқишни тавсия қиламан.
Жорий йилги тест синовларида катта эҳтимол билан олдинги кўп "схема"лар ишламайди. Ёки уларни ишлата олиш йўлини ҳали қидириб топишмаган (илоҳим, сира топишолмасин).
Шу сабабли минглаб "пустой"лар бу йил ҳужжат топширмай қўя қолишган. Аниқроғи уларни ёллайдиганлар "заказ" беришмаган. Бу билан жорий йилда умуман "пустой"лар йўқ, дейишдан йироқман. "Ётиб қолгунча, отиб қоладиганлар" барибир уриниб кўришга ҳаракат қилиши аниқ! Лекин ҳар ҳолда ушбу йилда ўтган йиллардагидай ажиотаж кузатилмади. Албатта буларнинг барчаси ИМҲО.
Кейин сезяпсизми, аҳоли ўртасида ОТМларга бўлган сунъий талаб ва васваса камайиб бормоқда. Аввал ўқишга кириш жамиятдаги ижтимоий обрўни белгилаб берар, шунчаки мақтаниш учун ҳам фарзандини ўқишга олиб киришга ҳаракат қилишар эди. Бу васваса шу даражага бордики, 50-60 минг доллар пулларни ҳеч нарса бўлмагандай қуртдай санаб бера бошлашди. Бу жараён худди бир неча йил олдинги GM Uzbekistan машиналари ёки доллар атрофидаги ур-йиқитларга ўхшайди. Йилдан-йилга қабул квоталари сони оширилаётгани, расмий "супер контракт"лар очилгани, юртимизда хорижий ОТМларнинг филиаллари кўпаётгани, сиртқи ва кечки таълимларга рухсат берилгани аста-секин жамиятдаги ўша сунъий талабни камайтириб ҳақиқий ҳолатга яқинлаштирмоқда. Чунки ҳозир ўзимизда талаба бўлиш билан мақтаниб бўлмай қолди. Ақлли инсонлар аллақачон фарзандини нуфузли хорижий ОТМларда ўқитиш орзуси ва ҳаракати билан юришибди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.
Майли, нима бўлса ҳам ҳаммаси яхшиликка бўлсин. Биз кузатамиз, қалбимизда яхши умид ва ишонч билан кузатамиз.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek
