Ҳудудларда Заковат интеллектуал кастинг ва турнирлари ўтади
❗️Ҳар бир ҳудудларда интеллектуал кастинг ва турнирлар ўтказилади.
✅ Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти учун интеллектуал кастинг 28 февраль куни «Humo Arena» саройида бўлиб ўтади
Аввалроқ хабар берганимиздек, «Заковат» интеллектуал клубига аъзо бўлиш истагида www.zakovat.tv сайти орқали 13 мингдан ортиқ аризалар келиб тушди. Шундан 11 111 нафар талабгор якка тартибда ариза топширган бўлса, 1 932 киши 322 та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтди.
Ҳудудий турнирлар ҳақида
Талабгорларнинг 72 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан рўйхатдан ўтганлигини ҳисобга олиб, ҳудудий турнирлар ташкил этишга қарор қилинди. Шу орқали минглаб инсонларни узоқ масофалардан Тошкент шаҳрига келиб-кетишидаги овогарчиликнинг олди олинади, деган умиддамиз.
Тенглик бўлиши учун ҳудудий турнирларда ҳам худди Тошкентдагидек ғолиб жамоага 100 млн сўм пул мукофоти берилади. Асосий шартларидан бири, битта жамоа ёки шахс фақат битта ҳудудий турнирда қатнаша олади. Масалан, Тошкент минтақасида иштирок этган жамоа (шахс) бошқа ҳудудлардаги турнирларга қўйилмайди.
Ҳудудий турнирлар ўтказилиш жадвали
Ҳудудий турнирларни тахминан қуйидаги муддатларда ўтказиш режалаштирилмоқда:
Самарқанд вилояти – март ойида;
Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари – апрель ойида;
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятлари – май ойида;
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари – июнь ойида;
Сирдарё ва Жиззах вилоятлари – июль ойида.
Тошкент минтақаси учун интеллектуал кастинг
Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти учун интеллектуал кастинг 28 февраль куни соат 17:00 да «Humo Arena» саройида бўлиб ўтади. Саройга кириш 15:00 дан бошланади.
Бунда рўйхатдан ўтиш жараёнида яшаш жойи сифатида иккита ҳудуддан бирини – Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятини танлаган иштирокчиларнинг телефон рақамига SMS тарзда тадбир учун электрон таклифнома юборилади. Шунингдек, www.zakovat.tv сайти орқали ҳам тегишли шахсий маълумотларини киритган ҳолда электрон таклифномани юклаб олиш имкони яратилади.
Интеллектуал кастинг фақат якка тартибда рўйхатдан ўтганлар учун ўтказилади. Жамоа бўлиб рўйхатдан ўтганлар кастингдан ўтмайди, аммо улар ўша куни меҳмон сифатида иштирок этишлари мумкин.
Батафсил маълумотлар билан @zakovat каналида танишишингиз мумкин.
👉 @xushnudbek 👈

