Ҳайдовчилик имтиҳон марказлари фаолияти бўйича депутат сўрови
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganОлий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев сайловчилардан бўлаётган мурожаатларни инобатга олиб, Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар учун имтиҳон олувчи «Тошкент имтиҳон маркази» фаолияти ва давлат имтиҳон марказлари ёпилишида истеъмолчилар ҳуқуқлари масаласида Монополияга қарши курашиш қўмитасига “депутатлик сўрови” киритган экан.
Қўмитанинг депутатга берган жавобида айтилишича, Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сонли қарорнинг 1-банди, тўртинчи хатбошида тегишли ҳудудларда давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Бироқ шунга қарамай ҳозирги кунда республиканинг баъзи ҳудудларида (Қашқадарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 6 та) Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш марказлари фаолияти тўхтатилган.
Шунингдек, Қўмита Президент қарорида айнан бир ташкилотга эксклюзив ҳуқуқлар берилмагани ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган барча тадбиркорлик субъектларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни олиш ҳуқуқи берилганини алоҳида таъкидлаган.
Хулоса:
1) бирор ҳудудда давлат хизмати тўхтатилиб, фақат хусусийга ўтказилаётганда аввал кўрсатилаётган хизматлар кўлами кам бўлмаслиги керак;
2) Етарли миқдор бўлмасидан хизматлар тўхтатилган ҳудуд 3 та: Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилояти.
Кушербаевнинг ушбу постига «Тошкент имтиҳон маркази» асосчиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдирибди. Унинг айтишича, Тошкент шаҳрида ишга туширилган автоматлаштирилган имтиҳон маркази Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига тўлиқ мос равишда фаолият юритмоқда. Сабаби илгари Тошкентда давлат имтиҳон марказлари кунига 400 кишидан имтиҳон олган. Янги марказ эса кунига 800 дан ортиқ талабгордан имтиҳон олиш қувватига эга. Ва шу пайтгача бир кунда 200 киши ҳам келмабди.
Фаолияти тўхтатилган вилоятларга эса «Тошкент имтиҳон маркази»нинг алоқаси йўқ. Барибир талабгорлар Қашқадарё ёки Сурхондарёдан келиб, фақат билим талаб қилинадиган Тошкентда имтиҳон топширмайди.
Комил Алламжонов муносабатининг сўнггида Расул Кушербаевнинг ишларига омад тилаб, уни замонавий имтиҳон марказига таклиф қилган. Марказда кўпчилик билими етарли бўлмагани учун имтиҳондан ўта олмаётганини, шу сабабли депутатдан сайловчиларини кўпроқ ўқишга, билим олишга чақиришини сўраган.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 955







