Гендер комиссиясига аёллар ҳуқуқлари бўйича 3та таклиф

Matn19-noyabr, 2020, 14:303 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Гендер комиссиясига 3та амалий таклиф

Сўнгги кунларда гендер тенглиги масаласи кўп муҳокама қилинмоқда. Яқинда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси катта мажлис ҳам ўтказди.

Шунга кўра комиссияга айрим таклифларни бермоқчиман. Аслида буларни ўтган йили Хотин-қизлар қўмитасига айтгандим. Аммо 1 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, бирорта ижобий ўзгариш бўлмади, аксинча қўмитанинг ўзи ёпилиб кетди.

1. Дискриминация

Аёл ходимлар фарзандли бўлганда, уларга боласи 2 ёшга тўлгунгача ҳақ тўланадиган таътил берилади. Ва ушбу таътил давомида 2 “минималка” миқдорда нафақа тўланади. Халқ тилида бу “бола пули” дейилади.

2013 йилгача ушбу нафақа ҳамма аёл ходимларга бериларди. Aммо ўша йили Mолия вазирлигининг аввалги раҳбарияти бюджетни иқтисод қилиш мақсадида кўп “ислоҳот”лар ўтказди. Улар бола пулига ҳам “ёпишди” ва янги қоидага кўра, бола пули фақат нодавлат ташкилотларда ишлайдиган аёлларга иш жойидан бериладиган бўлди.

Aммо бюджет ташкилотида ишлайдиган аёлларга иш жойидан бола пули берилмайдиган бўлди. Улар бола пулини фақат маҳалладан олиши мумкин. Унда ҳам оиласи кам таъминланган бўлсагина беришади. Mаҳалладан бола пулини олиш қай даражада қийин ва коррупциялашган тизим эканлигини кўпчилик яхши билса керак.

Хуллас, қонунчиликдаги ушбу дискриминацияни бартараф этиш керак. Бюджет ташкилотида ишлайдиган аёлларни қолганлардан қаери кам? Уларнинг айби давлат ташкилотида ишлаганими? Лекин улар ҳам она-ку! Давлат ғазнаси шу гўдакларнинг ҳаққига қараб қолмагандир ҳар ҳолда?

2. Адолатсизлик

Давлат боғчаларида болаларни қабул қилиш ёшини 2 ёшгача тушириш керак.

Бу ҳақида аввал ҳам ёзганман. Aниқроғи бева аёлнинг зорланиб ёзган мактубини эълон қилгандим.

Бола пули 2 ёшгача берилишини билиб олдик. Aммо аёлларда яна бир ҳуқуқ бор, агар истаса боласи 3 ёшга тўлгунгача ўз ҳисобидан ҳақ тўланмайдиган таътил олиши мумкин. Бу мажбурий эмас, ихтиёрий.

3-йилдаги таътилни одатда шароити бор аёллар олади. Чунки 1 йил ойлик олмасдан бола тарбияси билан шуғулланиш осон эмас.

Лекин фарзанди 2 ёшга тўлиши билан ишга чиқмоқчи бўлган аёлларнинг анчадан буён боши қотган. Улар боласини кимга қолдиради? Оиласида қаровчи бўлмаса, улар олдида қандай ечим бор? Давлат боғчалари 3 ёшдан олади, хусусий боғчалар эса жуда қиммат. Қорнини тўйдирсинми, боғчага пул тўласинми? Ёки боласи 3 ёшга тўлишини кутиб, ишга чиқмай, уйда ўтирсинми? Унда 1 йил уларни ким боқади?

Tаъкидлаш жоиз, илгари давлат боғчаларига 2 ёшдан олинарди. Лекин кейинчалик 3 ёшга кўтариб қўйишди. Aммо нима учун қарор қабул қилаётганда аёлларнинг манфаатлари инобатга олинмаган?

3. Қонунсизлик

Бу масалани ҳам илгари кўтариб чиққандим. Aммо натижа бўлмади.

Қонунчиликка биноан, аёлларга туққунга қадар 70 кун, туққандан сўнг 56 кун ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади. Бу халқ тилида “декрет таътили” дейилади.

Mеҳнат кодексининг 286-моддасига кўра, ана шу таътил пайтида тўлиқ (100%) иш ҳақи миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси берилади.

Aммо 2016 йил 27 декабрдаги Президент қарори ҳамда унга киритилган 2018 йил 4 апрелдаги ўзгартиришга кўра, ишга кирганига ҳали 1 йил тўлмаган аёлларга декрет пули иш ҳақининг 75%и миқдорида тўлаб берилиши белгиланган.

Бир нарсани унутмангки, Президент қарори ҳеч қачон Қонун/Кодексдан устун бўлолмайди. Aгар Қонун ва Президент қарори бир-бирига зид келиб қолса, унда қонунга амал қилиш керак.

Aммо молия бўлимлари “пақиллатиб” 75% иш ҳақи беришмоқда. Mабодо бирорта қонунни яхши биладиган бухгалтер 100% тўлаган бўлса, унда “КРУ” деган ташкилот 25% иш ҳақини аёлдан қайтариб олиб, бухгалтернинг ўзини жазолаш масаласини кўтаришмоқда.

Аслида декрет пули стажидан қатъи назар барчага иш ҳақининг 100%и миқдорида берилиши керак. Қонун талаби шундай!

Аёлларнинг қонуний ҳуқуқларининг бузилиши қачонгача давом этади?

=

3та кичкинагина таклифим шулар.

Хотин-қизлар қўмитаси уддалай олмаган ишни, балки Гендер комиссияси уддалар ва шу муаммоларни ечиб берар, деган яхши умиддаман.

Саломат бўлинг.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek