ЖИДУда B1 сертификатига максимал балл берилмаслиги ноқонуний
Дипломатияга B1 даража сертификати ўтмайдими?
Жорий йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида чет тилини билиш бўйича B1 даража сертификати учун чет тилидан максимал балл берилмаганидан норози бўлиб жуда кўпчилик абитуриентлар савол йўллади ва ҳозир ҳам йўллашмоқда. Шу сабабли ушбу масалани ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Ноқонуний талаб
Хулосам шуки, агар жорий йилда ҳақиқатдан ҳам чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 сертификатга эга бўлган абитуриентларга максимал балл берилмаган ва улар чет тили фанидан тест синовларидан озод этилмаган бўлса, демак қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилибди.
Сабабини тушунтираман:
ЖИДУга қабул жараёнлари тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2018 йилдаги 594-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган. Низомнинг 43-бандига биноан, халқаро тизим сертификатларига қуйидагича минимум талаб қўйилган:
1) IELTS - 5,5 балл;
2) TOEFL IBT - 61 балл;
3) тест DaF – CEFR B2;
4) GOETНE – CEFR B2;
5) DELF – CEFR B2.
Кўриб турганингиздек, CEFR услуби бўйича B2 сертификатга қўйилган талаб немис тили бўйича тест DaF ва GOETНE сертификатларига, француз тили бўйича эса DELF тизимига тааллуқли.
Ушбу бандда “шунингдек” сўзи билан бошланган ҳолда ВМнинг 610-сонли қарори билан белгиланган чет тилини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими ҳам эслаб ўтилган. Бу дегани, 610-сонли қарордаги қоидалар ҳам ЖИДУга тўлиқ татбиқ этилади.
610-сонли қарорнинг 3-бандида эса 2018 йил 1 январдан чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентларга чет тили фанидан белгиланган максимал балл бериш ва уларни чет тили фанидан тест синовидан озод этиш белгиланган.
Қиссадан ҳисса
Хулласи калом, агар жорий йилда қайсидир абитуриентнинг қўлида миллий тест тизими орқали олинган B1 даражали сертификат бўлган бўлса, унга чет тилидан максимал балл берилиб, у чет тили фанидан тест топширмаслиги керак эди.
Бироқ амалиётда ЖИДУ қабул комиссиясидагилар «Энди бизга B1 сертификат ўтмайди» деб қанчадан-қанча абитуриентларни қайтариб юборишди. Сертификати бўлса-да, тест топширишга рози бўлган абитуриентларнинг эса сертификатлари инобатга олинмади, базага киритилмади, ўз-ўзидан уларга максимал балл берилмади. Айрим абитуриентларга ҳаттоки тест бўлаётган пайтда акт тузилиб, 2 та блокли саволлар китоби ўрнига, 3 та бокли саволлар китоби берилгани ҳақида ҳам фактлар бор. Натижада уларнинг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳуқуқлари бузилди.
Нима қилиш мумкин?
Мабодо қайсидир абитуриент ЖИДУда худди шундай муаммога дуч келган бўлса, унда судга мурожаат қилишлари мумкин. Агар чет тилидан максимал берилганда абитуриентнинг ҳолати ўзгарадиган бўлса, яъни ўқишдан йиқилган бўлса, кириш баллига етарли бўлса ёхуд контрактга кирган бўлса, бюджетга етарли бўлса, унда ҳеч иккиланмай судга мурожаат қилишлари ҳамда ўз бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўрашлари мумкин. Унутманг, ҳақ олинур, берилмас...
Русча қарорнинг ўзбекча хато таржимаси
Вазирлар Маҳкамасининг ЖИДУ ҳақидаги 594-сонли қарори катта эҳтимол билан рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбекчага таржима қилинган. Бўлиб ҳам хато таржима қилишган. Агар Низомнинг 43-бандига эътибор берсангиз, ўзбек тилидаги матнида “абитуриентларга максимал балл (100 балл) берилади” деган жойига кўзингиз тушади. ЖИДУда чет тили блоки бўйича максимал балл 63 баллни ташкил қилади.
Низомнинг русча вариантида эса 100 балл ҳақида ҳеч гап йўқ (расмга қаралсин). Боз устига ўзбекча вариантида “кириш имтиҳонларидан озод этилади” деган атама ҳам нотўғри қўлланилган, аслида русча вариантдаги каби “тест синовлари” бўлиши керак эди.
Гап шундаки, 100 балл ва кириш имтиҳонлари магистратурага тааллуқли. Низомнинг 52-бандида худди шунақа ёзилган. Қарорни таржима қилганлар 52-бандидан копи-пасте қилишган шекилли.
Мана шунақа гаплар... Умид қиламанки, ЖИДУдагилар келгуси йили бу ишни такрорлашмайди. ИМХО.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

