Давлат тест маркази фаолиятидаги камчиликлар танқид қилинди
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0Давлат тест маркази жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйишда ўтган йили анча фаол ишлаганди.
Ижтимоий тармоқларда чиққан ҳар бир шубҳали видео, тушунарсиз жавоблар варақаси ёки саволлар китобининг расми чиқиши билан ўша куниёқ ёхуд жуда бўлмаса эртаси куни расмий изоҳ берар эди.
Аммо жорий йилда биттагина вазият ҳақида чала-ярим муносабат билдирилгандай бўлди, лекин бошқа ҳолатларга ҳеч нарса дейилмаяпти.
Масалан, имтиҳон ичидан расмга олиб юборилган саволлар китоблари тарқаляпти, ҳатто саволлар китоби рақами ҳам кўриниб турибди. Лекин абитуриентлар ва ўша гуруҳдаги назоратчиларга қўлланган чоралар ҳақида бирор гап айтилмаяпти.
Бундан ташқари айрим ҳолатларда бўш қолдирилган ёки бир нечта вариант бўялган жавобларни тўғри деб ҳисоблаб, балл берилаётгани маълум бўлмоқда. Бу каби ҳолатлар янгилик эмас, ўтган йили ҳам кузатилганди. Демак, ДТМдаги тест жавобларини текширувчи қурилмалар мукаммал ишламаяпти. Бунга ҳам расмий изоҳ керак, қурилмаларнинг хато қилиш эҳтимоли неча фоиз, агар шунақа хато ҳисобланса, кейин нима бўлади, деган саволларга жавоб керак.
Ўтган йили абитуриентларнинг баллари очиқ эълон қилинган ва ким нечанчи ўринда эканлигини кўриш мумкин эди. Аммо жорий йилда ҳозирча бу тизим ишга тушмади. Бунга ҳам расмий изоҳ талаб этилади, агар ишга тушса, қачон бўлади, агар жорий йилда бу тизим ишламаса, унда нимага бу қарорга келинди, шуни ҳам очиқ айтиш керак.
Хуллас, жорий йилда ДТМ матбуот билан жуда суст ишлаяпти. Балки бунинг сабаби ДТМнинг барча ходимлари, шу жумладан матбуот хизматидагилар ҳам тестларга бириктирилгани ва хизмат сафарига юборилганидир, ким билсин. Лекин барибир ҳам олдиндан бунинг чорасини кўриш керак эди.
Жавоблар бўлмаса, саволлар кўпаяди. Саволлар кўплиги эса, норозиликка сабаб бўлади.
👉 @xushnudbek 👈

