Давлат божхона қўмитаси Илья Варламов видеосига муносабат билдирди
Давлат божхона қўмитаси россиялик блогер Илья Варламовнинг видеоси юзасидан баёнот берди
Варламов 2020 йил 25 август куни ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеоинтервьюсида Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш чоғида божхоначиларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари, сигаретларини олиб қўйганлиги ҳақида сўзлаб берганди.
Ўрганишлар натижасида, блогер Варламов Илья Александрович сўнгги 5 йилда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги автомобиль ўтказиш пунктлари орқали умуман ҳаракатланмаганлиги, фақатгина 2020 йил 9 февраль куни тонги соат 05:10 да Россиядан тўғридан тўғри Самарқанд аэропортига учиб келганлиги ва 10 февраль куни мазкур вилоятдаги “Жартепа” чегара божхона пости орқали Тожикистонга чиқиб кетганлиги маълум бўлди.
“Жартепа” чегара божхона постида ҳам ушбу шахс соддалаштирилган тартибда ва тезкорлик билан божхона назоратидан ўтказилган.
“Самарқанд халқаро аэропорти” ва “Жартепа” чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар билан ушбу шахс ўртасида ҳеч қандай тушунмовчиликлар келиб чиқмаган.
Бугунги кунда, барча чегара божхона постлари замонавий сканер қурилмалари билан таъминланган бўлиб, фуқаролар томонидан олиб ўтилаётган қўл юклари ва багажлар тезкорлик билан ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари доирасида божхона назоратидан ўтказилмоқда.
Шунингдек, юртимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар учун чегара божхона постларида алоҳида йўлаклар ҳам ташкил этилган, - дейилади Давлат божхона қўмитаси баёнотида.
P.S.: мендаги маълумотларга кўра, Варламов сўзлаб берган воқеа 2010 йилда бўлиб ўтган.
👉 @xushnudbek 👈


