Чироқчида уч эгизак дунёга келди
Чироқчида «Фибоначчи рақамлари»
(навбатдаги 3 нафар эгизак дунёга келди)
Шу десангиз, куни-кеча ажиб бир воқеа рўй берибди. Эшитиб ажабландим, рости.
Хуллас, 6 кун аввал Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Шерзод Дўсмуродов оиласида 3 нафар эгизаклар дунёга келибди. Ҳаммаси ўғил! Нима деб исм қўйишмоқчи, дейсизми? Ҳа, ҳа, тўғри фаҳмладингиз. Чақалоқларга давлат раҳбарига ҳавас қилиб Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйишмоқчи экан (ҳали расмийлаштиришмабди).
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги «Кобальт» машинасини ҳаяллатишмаса керак, ҳар ҳолда.
Уч нафар эгизак туғилгани аслида унча ҳайратланарли воқеа бўлмай қолди. Лекин гап фақат бу уч оға-ини эгизакларда ҳам эмас.
Чақалоқларнинг онаси Садоқатхон 25 ёш экан (1993 йил). Турмуш қуришгандан сўнг, дастлаб ёш оиланинг бошига синов тушибди. 2 марта ҳомила ривожланмай қолибди. Лекин сабр таги сариқ олтин деганлари бежизга эмас. Икки ёш сабр қилиб, кутишгандан сўнг, дастлаб қизалоқ дунёга келибди. Ёш оила хурсанд! Улар бахтиёр!
Аллоҳ бераман деса, ҳеч гап эмасда, бироз ўтиб, полвондай ўғил дунёга келибди. Бир ўғил, бир қиз! Қандай ажойиб!
Аллоҳ бераман деса, яна ҳеч гап эмасда, ёш оила 2 марта оғзи куйгандан кейин, фарзандларини кўпайтиришни ният қилишган экан шекилли, кейинги сафар бирданига 2 нафар эгизаклар дунёга келибди! Ваҳ, ваҳ, беҳад шукр! 2 ўғил, 2 қиз!
Аллоҳ бераман деса, яна ва яна қайта айтаман, ҳеч гап эмасда, мана 6 кун аввал бу оилада 3 нафар ўғил дунёга келибди! 5 ўғил, 2 қиз! Жами 7 нафар фарзанд!
Бунақасини ҳеч эшитганмисиз? Сизни билмадиму, мен биринчи марта эшитишим. Ҳар не бўлганда ҳам ёш оила учун бағоятда хурсандман. Фарзандни берган ризқини ҳам беради, насиб қилса.
Лекин бир томондан одам ўйга толади. Ёш оиланинг яшаш учун уйи ҳам йўқ экан, моддий аҳволи ўртача. Балки Чироқчи туман ҳокимияти ёки Ёшлар иттифоқи вазиятдан келиб чиқиб, уй-жой масаласида ҳам ёш оилага ёрдам берса ёмон бўлмасди, дейманда. 7 нафар фарзандни катта қилиш осонми-ей?!
Ҳа, айтганча, юқорида «Фибоначчи рақамлари»ни бежизга эсламадим. Математикада шундай атама мавжуд, бу рақамларнинг ўзига хос кетма-кетлигини англатади, яъни навбатдаги рақам аввалги 2та рақамнинг йиғиндисидан ҳосил бўлади. Масалан, қуйидагича: 0, 1, 1, 2, 3, 5, 8, 13, 21…
Чироқчидаги бу оиланинг 7 нафар фарзанди ва ривожланмай қолган ҳомила Фибоначчи рақамларини айни такрорлаганига нима дейсиз! Дастлаб 0, кейин 1, кейин яна 1, кейин 2 ва охирида 3! Балки Шерзод Дўсмуродовнинг турмуш ўртоғи Садоқатхон кейинги сафар 5 нафар эгизакни дунёга келтирар, ким билсин 😊 Ахир юқорида айтдимку, Аллоҳ бераман деса...
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
- 👎 1
