Чернобиль сериали ва Ўзбекистонда АЭС қурилиши ҳақида
«Чернобиль» ҳақида
Кеча дам олиш кунидан фойдаланиб, «Чернобиль» кичик сериалини кўриб тугатдим. Аввал ҳам бир ёзгандим, ҳаётий воқеалар асосида олинган фильмларни жуда яхши кўраман. Шу фильм баҳона ўша воқеа ҳақида интернетдан қидириб, мақола ва ҳикояларни ўқиб чиқиш янада ёқимли.
Сериал жуда ажойиб! Гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Гарчи айрим тарихий фактлар бироз ўзгартирилган бўлса-да, лекин бу фильм савиясига заррача путур етказмаган.
Сериалда ёлғон ва ҳақиқат олдида инсон ўз виждони билан қандай курашиш кераклиги таъсирли кўрсатилган. Сиёсий ёлғонлар бир неча минг нафар халқдан устун бўлиши, ҳукумат вакиллари ўз хатосини ўзгалар билмаслиги учун бир неча минг фуқароларининг ҳаётидан воз кеча олишга тайёрлиги намойиш қилинган.
Сериални кўргач, бизда ҳам атом электр станцияси қурилишига қарши бўлганлар сони кескин ошиб кетди. Масалан, мен ҳам Чернобиль ўрнида Жиззахни тасаввур қилиб, қўрқиб кетдим. Чунки Шаҳноза Тўрахўжаева айтганидай, лоқайдлик ва ёлғон кўп жойда АЭС қуриб бўлмайди! Ҳар қадамда Дятловга ўхшаганлар тиқилиб ётибди.
Аммо бу мутахассис бўлмасдан туриб, АЭС ва атом энергетикасининг бугунги ҳолати ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасдан туриб, айтилаётган дилетант фикрлар холос.
Шу соҳада ишлайдиган бир нечта мутахассисларни танийман, улар ҳар сафар АЭС қурилишини ёқлашади, бир қанча илмий фактлар ва рақамларни айтишади (кошки уларга тушунсам). Улар ҳам шу юртнинг фарзанди, улар ҳам бундай фалокатларни хоҳлашмайди ва асосийси улар АЭС қурилишидан бевосита манфаатдор инсонлар эмас. Лекин бу лойиҳани ёқлашади. “Улар ҳам бир нарсани билмаса гапирмаса керак”, деб ўйлаб қоламан.
Билмадим, ўшанчун ҳам «Бизга АЭС керакмас» деган якдил фикр айта олмайман. Оддий халқни эмас, мутахассис ва экспертларни кўпроқ тинглаш керак бу мавзуда.
«Чернобиль» кичик сериали ҳақида қуйидаги блогерлар ёзган фикрларини ўқиб чиқишни тавсия қиламан:
Муҳрим Аъзамхўжаев:
t.me/muhrim/426
t.me/muhrim/428
Азиза Умарова:
t.me/Nazlobudnya_AU/205
Давлетовуз:
t.me/davletovuz/5745
Шаҳноза Тўрахўжаева:
t.me/shahnozxon/268
Фарҳод Файзуллаев:
t.me/zambarakning_oqi/673
Ғайрат Йўлдош:
t.me/bugunning_gapi/798
Нозим Сафаров:
t.me/thesafari/918
👉 @xushnudbek 👈


