Муқобил энергия қурилмалари учун компенсация тўланади
Муқобил энергия манбаларини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларга компенсация берилади
Бу ҳақда бугунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Янги тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 млн сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 млн сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йилда фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Яна бир қулай томони, бунинг учун бирон-бир идорага бориш шартмас. Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойда ҳал этилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади.
Давлатимиз раҳбари барча жараёнларни рақамлаштириб, ушбу янги тизимни 1 сентябрдан йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, 2023 йилдан савдо ва кўнгилочар мажмуалар, ресторан, меҳмонхона, ёқилғи қуйиш шохобчалари, аэропорт, вокзал, тижорат банклари каби кўплаб биноларда иссиқ сув таъминоти ва ташқи ёритишнинг бир қисмини муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 775



