Жамиятда бефарқлик ва Amber Alert тизими ҳақида
Бугун дам олиш кунида 2 та яхши пост ўқидим. Биринчиси - Фарход Файзуллаевнинг каналида. Постни тўлиқ ҳавола қиламан:
«Кеча Канаданинг энг оммабоп журналларидан бирида «Сизлар жирканч одамларсиз» деган мақола чиқибди. (ҳавола)
14 февраль куни Онтарио провинциясида 11 ёшли қиз отаси томонидан ўғирлаб кетилди. Қизи келавермагач, онаси (қизнинг ота ва онаси алоҳида яшайдиган бўлган) полицияга мурожаат қилган. Полиция ҳолатни ўрганиб, Amber Alert — «Зарғалдоқ тревога» кўтарди.
Amber Alert — «Зарғалдоқ тревога» Канада ва АҚШда вояга етмаган бола йўқолгани ёки ўғирлаб кетилганида кўтарилади. Бунда полиция оёққа туриб, йўқолган бола тўғрисида маълумот барча телеканал, радиоканал, смартфонлар, кўчалардаги таблолар орқали узатилади. Телевизордаги барча каналлардаги кўрсатувлар тўхтатилиб, ўрнига қидирув ҳақида эълон қилинади. Мақсад — аҳоли ёрдами билан болани тезроқ топиш.
Тревога натижасида болани ўғирлаган отанинг машинаси топилди. Минг афсуски, у пайтда ота ўз қизини ўлдириб бўлган экан...
Юқоридаги мақола ёзилишига одамларнинг ушбу тревога тунда кўтарилганидан норози бўлганидир. Чунки бундай тревога пайтида, телефонингиз овози ўчирилган бўлса ҳам, у баланд овозда жиринглаб, огоҳлантиради.
Муаллиф тревогадан норози бўлганларни қаттиқ танқид остига олган. «Болалар хавфсизликда яшашини хоҳласангиз, бундай ўгирилиб, телефонингизни текширинг. Агар эринсангиз, унда чинакамига жирканч одам экансиз», дейди муаллиф.
«Биз жуда қулай юртда яшаймиз. Машиналаримиз ўриндиқлари иситилади. Курткаларимизда блютус бор. Қайноқ овқатларимизни остонамизгача етказиб беришади. Борган сари кўпроқ умр кўряпмиз, жиноятчилик эса тарихдаги энг паст кўрсаткичларда.
Бунга қандай эришдик? Чунки биз жамият бўлиб, бир-биримиз ҳақида қайғурдик. Чунки биз ўзгалар ҳақида қайғурсак, улар ҳам биз ҳақимизда қайғуришади», деб хулоса қилади мақола муаллифи.
Мақоладан чиқарган хулосам шуки, ҳамма нарсани «давлат»га ташлаб қўйиш ярамайди. Болани топиш полициянинг иши, деб бефарқ бўлиш; коррупцияга қарши курашиш менинг ишим эмас, деб, кўз юмиб кетиш; жиноятни кўрганда аҳамият бермаслик — бу билан биз ривожланган, яшаш учун қулай жамиятга айланмаймиз. Ўзбекистон ривожланишини хоҳласак, давлатдан кутмай, ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз керак.
Машиналар йўл қоидасини бузганини Фейсбукка қўйган одамни «терпила» деб ҳақорат қилмасдан, унга раҳмат айтишимиз керак. Халқдан ёрдам кераклигини давлат органлари ҳам тушуниб етяпти, шунинг учун ҳам қоидабузарлик ҳақидаги маълумот учун ГАИ пул тўлайдиган бўляпти. ГАИга пул тўламайсиз. Аксинча, улар сизга пул тўлайди! Қойил-a?
Калгарида полиция жуда кам, кўчаларда деярли кўринмайди. Камералар ҳам Тошкентдагидан кам. Лекин йўллар тартибли. Сабабларидан бири — қоида бузсангиз, кимдир бу ҳақда албатта полицияга хабар беради. Чунки қоида бузилиши кимнингдир ўлимига олиб келиши мумкин.
Одамлар бир-бирига қайғурадиган жамиятда шундай йўл тутилади, деган хулосага келдим. Ўзбекистон ҳам яшаш учун қулай давлатга айланишини хоҳласак, биз ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан, жамият ҳаётида фаол иштирок этишимиз керак».
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

