Боғот ҳокими мажбурий меҳнат учун жавобгарликка тортилди
Пахтага мажбурлаб олиб чиққан Боғот ҳокими маъмурий жавобгарликка тортилди
Mahalladosh.uz сайтида Боғот тумани ҳокимининг фуқароларни, ишчи-хизматчиларни пахта теримига мажбурий тарзда жалб этгани тўғрисида хабар тарқалган эди. Шунингдек, ҳоким 19 сентябрь куни пахта масаласи бўйича тумандаги 300 га яқин фермер хўжалиги раҳбарлари, ҳудудлардаги терим отрядлари масъуллари, бюджет ташкилоти ва идоралари раҳбарларини йиғиб, кечки соат 20:30 дан 22:00 гача мажлис ўтказган.
Мазкур ҳолат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида ўрганилган. Натижада Боғот туманида ҳақиқатан меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда вазирлик.
Шунга мувофиқ, Боғот тумани ҳокими О.Холбоев, Боғот тумани молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланди.
Шунингдек, вазирлик бу йил қўлда терилган 1 кг пахта учун нархлар оширилиб, биринчи теримда – 800 сўм, иккинчи теримда – 1200 сўм тўланиши белгиланганини эслатмоқда. Шунингдек, пахта теримида кўнгилли сифатида қатнашиш истагида бўлган фуқаролар учун terim.uz сайти ишга туширилди.
👉 @xushnudbek 👈
